Ғарбий соҳилдаги зўравонликлар
Исроиллик кўчманчилар Фаластин ҳудудида — босиб олинган Ғарбий соҳилда иккита масжидга, шунингдек, автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги ерларига ўт қўйди.
Сўнгги ҳужумлар Тал қишлоғи яқинида кўчманчилар ва фаластинликлар ўртасида юз берган тўқнашувдан кейин содир бўлди. Ўшанда тўрт нафар фаластинлик ва икки нафар исроиллик ҳалок бўлган, ҳар икки томон бир-бирини зўравонликни келтириб чиқаришда айблаганди.
Исроилнинг амалдаги ўта ўнг ҳукумати қўллаётган экстремист кўчманчиларнинг зўравонликлари Ғарбий соҳилда вазиятни янада кескинлаштирмоқда.
Фаластин расмийларига кўра, тунда Ғарбий соҳилдаги иккита қишлоқ кўчманчилар ҳужумига учраган: автомобилларга зарар етказилган, мулклар ўғирланган ва деворларга нафрат уйғотувчи сўзлар ёзиб кетилган.
Шунингдек, кўчманчилар Қусрада қурилаётган масжидга ўт қўйган. Исроил ҳарбийлари Қусрага қўшинлар юборди, полиция эса тергов ўтказиб, далилларни тўплашини маълум қилди.
Бошқа бир ҳолатда кўчманчилар Кур қишлоғидаги яна бир масжидга ўт қўйиб, унинг деворларига шиорлар ёзиб кетган.
Фаластинликларнинг айтишича, жума куни Талда юз берган қонли тўқнашувдан бери Ғарбий соҳил бўйлаб кўчманчилар кўплаб ҳужумлар уюштирди.
Исроил мудофаа кучлари дам олиш кунлари ўзи «аксилтеррор» операцияси деб атаган рейдлар ўтказиб, 130 дан ортиқ одамни ҳибсга олган.
Ғарбий соҳилда кўчманчиларнинг ҳужумлари халқаро миқёсда қораланишига қарамай, Исроил ҳукумати вазият ўнгланиши учун деярли ҳеч нарса қилмаяпти.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазода уруш бошланганидан бери Ғарбий соҳилда 1 114 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Исроил мудофаа кучлари томонидан ўлдирилган. Қурбонларнинг камида 35 нафари кўчманчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.
АҚШ-Эрон уруши
Президент Доналд Трамп душанба куни Қўшма Штатлар Эрон билан «яхши музокаралар» олиб бораётганини айтди.
«Биз яхши музокаралар олиб боряпмиз», деди у. «Ўйлайманки, нимадир юз бериши учун яхши имконият бор ва агар шундай бўлса — жуда яхши. Агар бўлмаса — биз икки кун олдин нима қилган бўлсак, шунга қайтамиз».








