Абитуриентлар энг кўп танлаган олийгоҳлар маълум қилинди. Олийгоҳларда бўш қолган ўринларга қабул 28 августгача давом этади. Тошкент вилоятида янги шамол электр станцияси ишга туширилди. Наманганда катерлар тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Самарқанд вилоятида кран қулади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Абитуриентлар энг кўп танлаган олийгоҳлар маълум қилинди
Олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда абитуриентлар танловида учта олий таълим ташкилоти энг юқори қизиқишга эга бўлган.
Булар — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ).
Абитуриентлар энг кўп қизиқиш билдирган таълим йўналишлари ҳам маълум қилинди. Улар орасида «Даволаш иши», «Иқтисодиёт», шунингдек, «Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили» йўналишлари бор.
Маълумотларга кўра, жорий йилги қабул натижалари бўйича давлат гранти асосида ўртача ўтиш балли 134,6 баллни ташкил этган. Тўлов-контракт асосида эса ўртача ўтиш балли 93,7 балл бўлган.
Олийгоҳларда бўш қолган ўринларга қабул 28 августгача давом этади
Олий таълим ташкилотларида тўлмай қолган вакант ўринлар учун абитуриентлардан ариза қабул қилинмоқда. Кириш имтиҳонларида камида 56,7 балл тўплаган, аммо талабаликка тавсия этилмаган, шунингдек, танлов босқичида ОТМ ва таълим йўналишини танламаган абитуриентлар 28 августгача ариза топшириши мумкин.
Абитуриент ўзининг фанлар мажмуасига мос таълим йўналишларида бўш ўринлар мавжуд бўлса, 5 тагача йўналиш ва олий таълим муассасасини танлаши мумкин.
Вакант ўринлар учун ариза Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг шахсий кабинети орқали топширилади. Абитуриент шахсий кабинетидаги «Вакант ўринлар учун ариза бериш» бўлими орқали танловда иштирок этиши мумкин.
Вакант ўринлар учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда сараланади.
Тошкент вилоятида янги шамол электр станцияси ишга туширилди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 20 MW бўлган шамол электр станцияси ишга туширилди.
Электр станцияси ҳар бири 5 MW қувватга эга тўртта турбинадан иборат, йилига 50 млн kWh’гача электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. Бу ҳажм 20 мингта хонадонни электр билан таъминлаш имконини беради.
Таъкидланишича, шамол электр станциясининг ишга туширилиши йилига юз минглаб куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Шамол электр станциясининг қиймати 28 млн долларни ташкил этган. Лойиҳа Хитой ҳукумати томонидан беғараз ёрдам — грант шаклида молиялаштирилган.
Наманганда катерлар тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
Наманган вилоятида 23 август куни дам олувчилар ўтирган иккита катер тўқнашиб кетди. Kun.uz манбасига кўра, ҳолат Сирдарё дарёсининг Тўрақўрғон туманидан ўтган ҳудудида юз берган.
Таъкидланишича, ҳудуддаги дам олиш маскани меҳмонларини айлантириб юрган иккита катер кўприк тагида тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Таҳририятга келиб тушган тасвирларда қутқарув нимчасини кийган одамлар сувда оқиб кетаётгани, катердагилар уларни қутқаришга ҳаракат қилаётгани кўринади. Ҳозирча ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар расмий изоҳ бергани йўқ.
Самарқанд вилоятида кран қулади
Самарқанд вилояти Ургут туманида экскаваторни сойдан олиб чиқмоқчи бўлган кран қулади. Ҳолат 22 август куни Мазортепа маҳалласида содир бўлган.
Дастлаб Ургут сойини тозалаш учун экскаватор туширилган. Тозалашдан сўнг уни сойдан олиб чиқмоқчи бўлган кран ағдарилиб кетган.
ФВВ қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, экскаваторни олиб чиқишда амалий ёрдам кўрсатган. Ҳеч ким тан жароҳати олмаган.











