Hyundai Motor компанияси 20 август куни Genesis бренди остидаги янги тўлиқ ўлчамли электр кроссовер — GV90 моделини эълон қилди. Модел ички ёнув двигателини ўрнатиш имкониятисиз, фақат электр юритмага мўлжалланган платформада яратилган.

Автомобилнинг узунлиги 5,28 метрни, ғилдираклар базаси эса 3,24 метрни ташкил этади. Ҳаракат равонлигини ошириш учун осма тизим пневматик элементлар билан жиҳозланган, орқа ўқнинг базавий талқини эса бошқарилувчи ғилдираклар ва юқори ишқаланишли дифференциал билан таъминланган. Иккита электр мотор умумий ҳисобда 657 от кучи ва 800 Нм айлантирувчи лаҳзани тақдим этади, узатма тўлиқ. Сиғими 123,5 кВт·соат бўлган тортиш аккумулятори бир қувватланишда 500 км масофа босиш имконини беради.

GV90 стандарт талқини етти ўринли, уч қаторли салонга эга. Моделар қаторининг энг юқорисидан Neolun номли супер-люкс модификацияси ўрин олади. Бу — марказий устунларсиз, орқа эшиклари Rolls-Royce автомобилларидек ҳаракатга тескари очиладиган тўрт ўринли талқиндир.

Neolun салонида орқа ўриндиқлар вентиляция, массаж, иситиш ва электр созлаш тизимлари, шунингдек, йиғилувчан болдир таянчи билан жиҳозланган. Марказий устунларнинг йўқлиги остоналар ва эшик ўйиқларидаги юқори мустаҳкам пўлатдан ясалган кучайтирилган штампланган элементлар ҳамда қўшимча яширин каркас билан қопланган. Орқа эшиклар икки босқичда ишлайди: аввал ўйиқдан чиқади, сўнгра очилади. Илгаклар конструкцияси орқа ва олд эшикларни бир-биридан мустақил равишда бошқариш имконини беради.

Тўрт ўринли талқиндаги олдинги ўриндиқлар автомобил тўхтаб турганида 180 даражага бурилиб, орқа йўловчиларга юзланган ҳолда меҳмонхона услубидаги салонни ҳосил қилиши мумкин.

Энг юқори комплектация, шунингдек, 25 та динамикли Bang & Olufsen премиум аудиотизими, 25 дюймли проекцион дисплей ва 24,6 дюймли сирпаниб чиқувчи медиаэкранни ўз ичига олади.