АҚШ-Эрон уруши
АҚШ президенти Доналд Трамп, гарчи ҳеч ким бу ҳаракатини жиддий қабул қилмаган бўлса-да, «АҚШ янги ҳудуди» деган ёзув билан Ҳўрмуз бўғози харитасини эълон қилди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги Америка президенти адашаётганини ва Теҳрон буни тез орада тузатишини маълум қилди.
Шунингдек, Трамп бошқа постида Эрон билан ҳеч қандай сўзлашув ёки музокаралар олиб борилмаётганини билдирди. «Денгиз қамали ўз кучида тўлиқ қолмоқда. Ҳўрмуз бўғози очиқ ва ишламоқда. Барча сув миналари олиб ташланган ёки портлатилган», дея қўшимча қилди у.
Трампнинг даъволарига қарамай, бўғозда кема қатновлари бузилганига доир хабарлар давом этмоқда.
Хусусан, БАА Эрондан учирилган иккита баллистик ракета аниқланганини, ракеталар «денгиз транспорти қатнови»ни нишонга олганини маълум қилди. Ҳар икки ракета ҳам денгизга қулаган. БАА бунга жавобан минтақадаги зиддият кучайишини рўкач қилиб, Эрон билан барча савдо фаолияти, айирбошлаш ва молиявий операцияларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатди.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги эса бу ҳолатларни рад этди ва БААнинг айбловлари «асоссиз» эканлигини айтди.
Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф АҚШ июнь ойида имзоланган келишув шартларини бажармагунига қадар бўғоз ёпиқ қолишини айтмоқда.
Шунингдек, Эрон олий раҳнамоси маслаҳатчиси Муҳаммад Мухбир Теҳрон Вашингтон билан мулоқот учун очиқ қолаётганини, бироқ музокараларни таслим бўлиш билан адаштирмаслик кераклигини таъкидлади.
Исроил яна Ғазога зарба берди
Сешанба куни Ғазо секторида Исроилнинг ҳаво зарбаси оқибатида камида олти нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Воқеа Доналд Трампнинг вакили Жаред Кушнернинг Ғазодаги сулҳ бўйича Нетаняҳу билан учрашувидан бир кун ўтиб юз берди.
Исроил ҳарбийлари Ҳамас қўмондонлари ва бошқа бир неча жангчиларга қарши ҳаво зарбаси берганини маълум қилди. Уларнинг айтишича, нишонга олинганлардан бири 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужумда иштирок этган. Ҳарбийлар бунга далил келтирмади.
Ғазо шифокорларининг таъкидлашича, Исроил самолёти Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги кичик қаҳвахонага иккита ракета отган. Оқибатда олти киши ҳалок бўлди, яна 14 киши яраланди. Бу ҳудуд уруш даврида фаластинлик оилалар учун йирик кўчирилганлар лагерига айланиб қолганди.
Ҳамас эса Исроилни урушни тугатиш режасини саботаж қилишга уринаётганликда айблади, аммо гуруҳ келишувга содиқ эканини билдирди. Гуруҳ хабарига кўра, зарбада ҳалок бўлганлар орасида бир бола ҳам бўлган.
Ҳамас Исроилдан ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишни ва ўз кучларини Ғазодан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Исроил эса дастлаб қуролсизланиш бўлишини хоҳламоқда.
Томонларнинг маълумотларига кўра, октябрда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганидан бери Ғазода 1200 дан ортиқ фаластинлик ва тўрт нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган.
Meta'га қарши катта суд бошланди
18 август куни Қўшма Штатларда Meta компаниясига қарши суд жараёни бошланди. АҚШнинг 29 штатидан иборат коалиция компания устидан судга даъво аризаси киритган. Улар Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари реклама даромадини ошириш мақсадида болалар ва ўсмирларда қарамликни келтириб чиқариш ҳамда уларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиш учун махсус ишлаб чиқилганини таъкидламоқда.
Компания, шунингдек, платформаларнинг ёш фойдаланувчилар учун хавфсизлиги борасида истеъмолчиларни чалғитишда ҳам айбланмоқда.
«Meta бизнес-моделини тўртта ибора билан ифодалаш мумкин: фойдаланувчини жалб қилиш, уни иложи борича узоқроқ ушлаб туриш, маълумотларини йиғиш ва кейин ҳақиқатни яшириш. Ёшлар – энг яхши ўлжалар: улар орқали кўпроқ пул ишлаш мумкин», деди Окленддаги федерал судда даъвогарлар номидан иштирок этган адвокат.
Meta юристлари бу айбловларни рад этиб, штатларнинг бош прокурорлари фойдаланувчиларни чалғитганлик борасида далиллар келтирмаганини айтди. Компанияга кўра, даъвогарлар платформаларнинг ишлаш усуллари, дизайнига асоссиз ўзгартиришлар киритиш ва «ҳаддан ташқари катта тўловлар» ундиришга уринмоқда.
Meta компаниясининг ўз ҳисоб-китобларига кўра, агар у судда ютқазса, унга 1,4 триллион долларгача жарима солиниши мумкин. Бу эса унинг бозор капиталлашувига (бозор қийматига) яқинлашади.
Тахминан беш ҳафта давом этиши режалаштирилган суд жараёни — ўсмирларнинг руҳий саломатлигига етказилаётган зарари учун ижтимоий тармоқлар глобал миқёсда танқид қилинаётган бир вақтда бўлиб ўтмоқда.
Трамп Ким билан учрашмоқчи
Президент Доналд Трамп АҚШнинг иштирокини сезиларли даражада қисқартиришни буюрганидан сўнг, Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар йиллик қўшма ҳарбий машғулотлар 11 кундан 5 кунгача қисқартириладиган бўлди.
Машғулотлардаги ушбу ўзгариш Хитой ташқи ишлар вазирининг минтақавий хавфсизлик бўйича музокаралар ўтказиш учун Жанубий Кореяга ташрифи фонида юз бермоқда.
Жанубий Корея мудофаа вазирига кўра, иккинчи босқичда бекор қилинган машқлар қарши ҳужум операцияларини ўз ичига олиши кутилганди.
Шунингдек, баъзи қўшма дала манёвр машғулотлари ҳам қисқартирилади. Пентагонга кўра, ушбу ўзгаришлар АҚШнинг тайёргарлик мақсадларига ҳеч қандай зарар етказмайди.
Бу ўзгаришлар Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан «жуда яхши муносабатлари»ни рўкач қилиб, машғулотлардаги АҚШ ролини қисқартиришни буюргач, рўй бермоқда.
Таҳлилчиларга кўра, аслида Трамп Сеулга АҚШга киритиш ваъда қилинган сармоялар суръати бўйича босим ўтказмоқчи. Шунингдек, Пхенян билан дипломатияни қайта бошлашни ҳам хоҳламоқда.
Wall Street Journal нашрининг манбаларига кўра, Трамп ўз ёрдамчиларига шу йилнинг кузидаёқ Ким билан юзма-юз учрашув ташкиллаштириш бўйича кўрсатма берган.
Шимолий Корея эса машғулотларни доимгидек қоралаб, Қўшма Штатлар ва Жанубий Кореяни яриморолда зиддиятни кучайтираётган «урушга гижгижловчилар» деб атади.
Исроил Сурияга зарба берди
Исроил сешанба куни «Абу-Дуҳур» аэропортининг учиш-қўниш йўлаги ва омборхонасига саккизта ҳаво зарбаси берди. Бу ҳақда хабар берган Сурия ОАВларига кўра, қурбонлар ҳақида ҳеч қандай хабар тушмаган.
Исроил ҳукумати зарбалар юзасидан тўғридан-тўғри изоҳ бермади. Аммо ўз баёнотида Сурия хавфсизлик бўйича статус-квони «бузиш арафасида» эканлигини айтди: «Исроил ва Сурия хавфсизлик масалаларида статус-кво бўйича келишиб олганди. Сурия эса Ҳалаб яқинидаги авиабазага турк қўшинларининг жойлашишига рухсат бериб, буни бузиш арафасида эди», дейилади Нетаняҳу офисининг баёнотида.
Аҳмад аш-Шаръа иқтидорга келганидан бери Исроил Суриянинг марказий ва жанубий қисмларига ҳаво зарбалари бериб келмоқда.
Сурия ва Туркия расмийлари минтақада зиддиятнинг кучайишига хавф туғдираётган ҳужумларда Исроил ҳарбийларини айблаган.
Сурия ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумларни минтақавий «хавфсизлик ва барқарорлик»ни хавф остига қўювчи «асоссиз тажовузкорлик акти» деб атади.
Шунингдек, АҚШнинг Туркиядаги элчиси, Доналд Трампнинг Сурия ва Ироқ бўйича махсус элчиси этиб тайинланган Том Баррак ҳам ушбу ҳужумларни танқид қилди.
«Исроилнинг ‘Абу-Дуҳурʼ авиабазасига берган тасдиқланган ҳаво зарбалари минтақавий барқарорликка ҳисса қўшмайдиган, зиддиятнинг кераксиз тарзда кучайишидан чуқур хавотирдамиз», деб ёзди Баррак.
Туркия ўз чегарасидан 70 км узоқликда жойлашган «Абу-Дуҳур» авиабазасига ўз қўшинлари кўчирилганини тасдиқламади. Бироқ, Анқара Исроилнинг “хавф туғдираётгани” ҳақидаги даъвосини рад этди.
Туркия шикастланган ҳарбий объектларини қайта тиклашга ҳаракат қилаётган Сурияга ёрдам бериб келмоқда. Хусусан, «Абу-Дуҳур» ҳам 2013 йилдан бери махсус ҳарбий аэродром сифатида фаолият юритмайди.








