Исроил Туркияни огоҳлантирди

Исроил мудофаа вазири Исраил Кац пайшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни айблади. Унинг айтишича, Эрдўған «Туркияни Суриядаги хавфли саргузаштларга тортмоқда». «Исроил ҳеч қандай тузилмага ўз хавфсизлигига таҳдид солишига йўл қўймайди», деб ёзди Кац.

Бу изоҳлар ҳафта бошида Исроил Суриянинг «Абу Дуҳур» авиабазасига ҳаво ҳужумлари уюштирганидан кейин янгради. Ўшанда Исроил бу базага Туркия қўшинлари жойлашмоқчи эканини иддао қилганди.

Кейинроқ Туркия мудофаа вазирлиги Сурия авиабазасида ҳеч қандай ҳарбий иштирокига эга эмаслигини билдирди. Вазирлик, шунингдек, Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб, бу ҳужумлар «қабул қилиб бўлмайдиган» ҳамда минтақавий тинчликка таҳдид солишини айтди.

«Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, унинг барқарор ва хавфсиз муҳит ўрнатишига ёрдам беришда қатъий давом этади», деди Туркия расмийси.

Шу кунларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам Сурияни Туркия иштироки ҳақида огоҳлантирганини айтди. «Бизнинг хабаримиз жуда аниқ эди. Ундай қилманг, дедик. Менимча, улар хабарни унчалик яхши тушунишмади», деди Нетаняҳу.

Айни пайтда, Сурия ташқи ишлар вазири Асад Шайбоний ҳужумдан олдин турк кучларини жойлаштириш режаси йўқлигини очиқ айтганини билдирди. Шунинг учун “Исроилнинг бу бомбардимонига ҳеч қандай қонуний асос йўқ”.

Унинг қўшимча қилишича, асосан бўш турган база ҳали ишга туширилмаган ҳамда ундан Сурия кучлари фойдаланиши учун қайта тикланаётган бўлган.

У Исроил ҳужумидан бир неча кун олдин турк ҳарбий офицерлари объектга ташриф буюрганини тан олди. Аммо бу «таълим ва тажриба алмашиш соҳаларидаги ҳарбий ҳамкорлик» учун эканлигини алоҳида таъкидлади.

Исроилнинг жорий ҳафтада Сурияга уюштирган ҳужумлари Туркия ва Исроил ўртасида кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Бундан ташқари, Туркия ва Исроил ўртасида Ғазодаги уруш бўйича ҳам ихтилофлар мавжуд.

Украиналик диверсант ҳибсга олинди

Хорватия суди пайшанба куни «Шимолий оқим» газ қувурларидаги портлашларга алоқадор иккинчи шахс — украиналик ғаввосни ҳибсга олишга рухсат берди. Хорватия расмийлари унинг Германияга экстрадиция қилиниши бўйича сўровни кўриб чиқаётган пайтда у ҳибсда сақланади. Судя бу қарорини унинг «қочиб кетиш хавфи» борлиги билан изоҳлаган.