Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эронга иқтисодий оқибатлар

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба оқшомида Эронга «мисли кўрилмаган даражадаги иқтисодий уруш ва яккалаб қўйиш» чоралари билан таҳдид қилди. Бироқ тафсилотларни очиқламади.

«Бугун мен ҳали ҳеч бир давлатга нисбатан қўлланмаган энг қақшатқич иқтисодий операцияни эълон қиламан», деб ёзди Трамп. Аслида Эрон 1979 йилги инқилобдан буён узлуксиз иқтисодий санкцияларга дош бериб келмоқда.

Трамп, шунингдек, «молиявий институтлари, аэропорт ёки давлат идораларига — Эронга «ҳар қандай кўринишда ёрдам беришига рухсат берган» давлатлар»ни ҳам улкан иқтисодий оқибатлар билан огоҳлантирди.

Одатда Трампнинг ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлари доим ҳам тўлиқ асосланмайди ёки тўлиқ амалга оширилмайди. Шунингдек, у бундай давлатларга қарши АҚШ қандай чоралар кўришига ойдинлик киритмади.

Сешанба куни АҚШ иттифоқчиси ҳисобланган БАА ҳам Эрон билан барча савдо фаолияти, тижорий алмашинувлар ва молиявий операцияларни тўхтатишини маълум қилганди. Ушбу баёнот БАА томони Эрондан учирилган ва денгизга қулаган иккита ракетани аниқлаганидан сўнг эълон қилинди; Эрон эса ушбу хабарни асоссиз деб рад этди.

Олдинроқ олий раҳбар маслаҳатчиси Муҳаммад Мухбир давлат нашрларига берган изоҳида – ҳарбий босим ва санкциялар Эроннинг қатъиятини бука олмаслигини айтганди.

Россия-Украина уруши

Пайшанбага ўтар кечаси Россия томонидан амалга оширилган ракета зарбалари оқибатида пойтахт Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда камида 12 киши ҳалок бўлди.

Украина фавқулодда хизматларига кўра, тунги «йирик ҳужум» нишонида кўп қаватли турар жой бинолари ва омборхоналар бўлган. Зарбалар оқибатида яна 33 киши жароҳатланган.

Қутқарув гуруҳлари вайрон бўлган бинолар остида қолганларни олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Киев мэри Виталий Кличконинг айтишича, тунда берилган зарбалар оқибатида болалар шифохонаси зиён кўрган, унинг деразалари синган ва яқин атрофдаги автомобиллар ёниб кетган.