Қора денгизнинг Руминия соҳиллари яқинидаги қисмида танкер дрон ҳужумига учраши оқибатида экипажнинг 12 нафар аъзосидан 7 нафари бедарак йўқолди.
Сан-Марино байроғи остида сузган Wine Trader номли кема 15 октябр куни эрталабки соат 7 атрофида ҳалокат сигналини юборган. Бортда жами 12 киши бўлган. Шундан беш нафари қутқарилган, қолганлар бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ўша тунда Қора денгизда яна бир кемада – Комор орллари байроғи остида сузган, кимёвий маҳсулотлар ташишга мўлжалланган Yara J номли танкерда ҳам ёнғин чиққан. Жабрланганлар йўқ, экипаж ёнғинни мустақил тарзда ўчиришнинг уддасидан чиққан.
Reuters маълумотига кўра, ҳужумга учраган вақтида икки кема ҳам Руминия соҳиллари яқинида лангар ташлаб турганди, аммо маҳаллий расмийлар ҳозирча бортдаги ёнғинларни Россия дронлари ҳужуми билан боғламаяпти.
Нашр қайд этишича, сўнгги ўн кун ичида Руминия ва Болгария соҳиллари яқинида камида бешта юк кемаси дронлар ҳужумига учраган. Ушбу ҳужумларнинг барчаси НАТО ҳудудий сувларидан ташқарида амалга оширилган ва жами 23 нафар денгизчи ўлимига сабаб бўлган.
















