Reuters агентлигининг 10 август куни хабар беришича, Руминиядаги ягона ишлаб турган атом реакторининг фаолиятини давом эттириш учун қурғоқчилик туфайли саёзлашган Дунай дарёси оқимининг бир қисми ўзгартирилган.

Руминия Энергетика вазирлиги топшириғи билан реактор турбиналарини зарур миқдорда сув билан таъминлаш мақсадида бир қатор фавқулодда чоралар кўрилган.

Хусусан, сув оқимини керакли томонга йўналтириш учун тошдан қурилган тўсиқ портлатилган, Дунай тубини чуқурлаштириш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, тошлар ортилган тўртта баржа сувга чўктирилиб, ўзига хос тўғон ҳосил қилинган.

Натижада реактор атрофидаги сув сатҳини 4 сантиметрга кўтаришга эришилган.

Энергетика вазирлиги мавжуд прогнозларга асосланиб, ушбу чоралар реакторнинг камида кейинги тўққиз кун давомида ишлаши учун зарур шароит яратганини билдирган.

Мамлакатда энергетик фавқулодда ҳолат эълон қилинган

Руминия ҳукумати август ойи учун энергетик фавқулодда ҳолат режимини жорий этган. Мамлакатдаги корхоналар ва аҳолидан, айниқса, электр энергиясига талаб энг юқори бўладиган кечки соатларда истеъмолни ихтиёрий равишда камайтириш сўралган.

Reuters маълумотига кўра, 10 август ҳолатида Руминия чегарасида Дунай суви сатҳи ҳамон рекорд даражада паст бўлиб турган.

Бироқ Руминиянинг сув ресурсларини бошқариш давлат агентлиги вазият 15 августдан бошлаб яхшиланиши мумкинлигини билдирган.

Дарёнинг юқори оқимида ёғаётган ёмғирлар натижасида ҳосил бўлган сув оқими аста-секин Руминия ҳудудига етиб келиши ва Дунай сатҳининг кўтарилиши кутилмоқда.

«Чернаводэ» АЭСнинг бир блоки аввалроқ тўхтатилган

Июль ойи охирида Руминиянинг «Чернаводэ» атом электр станцияси биринчи энергоблоки тўхтатилиб, миллий электр тармоғидан узилган эди.

Бу мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келган. Манбада вазият қўшни Венгрия энергетикасига ҳам таъсир кўрсатаётгани қайд этилган.

Одатда «Чернаводэ» АЭСнинг икки реактори Руминияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб 20 фоизини таъминлайди.

Руминия электр энергияси ишлаб чиқаришда газ, кўмир, гидроэнергетика, атом энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланади.