SRI 26 октябрда эълон қилган баёнотга кўра, заводга ўт қўйишга уриниш 14 сентябрда содир бўлган. Руминия разведкаси тармоқ Россия махсус хизматлари томонидан бевосита бошқарилганини даъво қилмоқда.

Reuters келтирган баёнотда айтилишича, Россиядаги мувофиқлаштирувчилар гуруҳга минтақадаги нишонларнинг кенг рўйхатини берган. Улар орасида давлат ва хусусий қурол ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, ҳарбий ва саноат аҳамиятига эга бошқа объектлар бўлган.

Агентлик Россиянинг Бухарестдаги элчихонасидан тезкор изоҳ ола олмаган. Москва аввал ҳам шунга ўхшаш айбловларни бир неча бор рад этган.

Икки гумондор Германияда ушланган

Руминиянинг Știri телеканали маълумотига кўра, гумондорларнинг икки нафари Германияда ўхшаш диверсияларга тайёргарлик кўраётган пайтда қўлга олинган. Учинчиси Польшада қидирилмоқда.

Бухарест уларни Руминияга экстрадиция қилишга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Руминия ташқи ишлар вазири Дан Николаеску Брашовдаги ҳодисани Европада мудофаа саноатига қарши қаратилган кенгроқ диверсия кампаниясининг бир қисми деб атаган, деб хабар берди AFP.

Мамлакат президенти Никушор Дан ҳам аввалроқ Руминияни Россия олиб бораётган гибрид уруш нишонларидан бири сифатида таърифлаган. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларда вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган.

Ёллаш оддий топшириқлардан бошланади

SRI маълумотига кўра, бундай ҳаракатлар учун ижрочилар одатда ижтимоий тармоқлар орқали ёлланади. Дастлаб уларга пул эвазига безарар кўринадиган вазифалар — муайян объектни кузатиш ёки суратга олиш таклиф қилинади.

Кейинчалик топшириқлар оғирлашиб, вандализм, ўт қўйиш ёки ҳатто қотиллик каби жиноятларни қамраб олиши мумкин, дейилади разведка баёнотида.

Европадаги бошқа ҳодисалар билан боғлиқ даъволар

The Wall Street Journal 20 октябрда АҚШ махсус хизматлари хулосалари билан таниш уч нафар европалик амалдорга таяниб, Россия президенти Владимир Путин НАТО давлатларига қарши диверсияларни кучайтириш ҳақида шахсан топшириқ берганини ёзган эди.