Apple Pay вa Google Pay тўлов хизматлари яқин ойларда Ўзбекистонда ишга тушиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усманов Spot’gа берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгач, Марказий банк тижорат банклари, Humo ва Uzcard миллий тўлов тизимлари билан биргаликда Apple ҳамда Google компаниялари билан музокараларни, шунингдек, хизматларнинг техник интеграцияси бўйича ишларни бошлаган.

“Ҳозирда тижорат банклари интеграция ишларини фаол олиб бормоқда. Карталарни токенизация қилиш билан боғлиқ жиҳатлар бор”, — дея таъкидлади Усмонов.

Унинг қайд этишича, гап фақат халқаро тўлов тизимлари — Visa ва Mastercard карталарини қўллаб-қувватлаш ҳақида кетмаяпти. Марказий банк, шунингдек, Apple Pay вa Google Pay’га маҳаллий Humo ва Uzcard тўлов тизимлари карталарини ҳам қўшиш устида ишламоқда.
Усмоновнинг айтишича, яқин бир неча ой ичида лойиҳа юзасидан ижобий янгиликлар кутилмоқда.

Мутахассиснинг қушимча қилишича, бир ёки бир нечта тижорат банки хизматларни биринчи бўлиб ишга тушириши мумкин. Марказий банк вакили регуляторнинг Apple ва Google вакиллари билан музокаралар ўтказганини ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, учрашувлар жорий йилнинг апрел ва май ойларида бўлиб ўтган.