Мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Жаҳонгир Акрамов ва Камолиддин Раббимов сўз юритишди.
— АҚШ нега Эронни бомбалашни тўхтатди?
Жаҳонгир Акрамов: Маълумотларга кўра, Эронга қарши интенсив ҳужумлар натижасида АҚШ сезиларли миқдорда қурол-яроғ захираларини сарфлаб юборган. Бу эса нафақат Яқин Шарқдаги, балки бошқа минтақалардаги захираларнинг ҳам ушбу ҳудудга йўналтирилишига олиб келган. Маълум қилинишича, апрел охирида фаол жанговар ҳаракатлар тўхтатилгунига қадар ҳам катта ҳажмдаги ҳарбий ресурслар ишлатилган.
Шундан кейин АҚШнинг ўзидан, Лотин Америкаси ҳамда Шарқий Осиёдаги базалардан Яқин Шарққа қурол-яроғ ташувчи кемалар йўналтирилгани қайд этилган. Бу ҳолат АҚШнинг дунё бўйлаб 800 дан ортиқ ҳарбий базаларидаги умумий захира мувозанатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Иккинчи муҳим омил эса иттифоқчилар масаласи. АҚШ бу можарода Ироқ ва Афғонистондаги каби кенг кўламли иттифоқчи тармоғига эга эмас ва деярли якка ҳаракат қилмоқда. Ҳарбий доиралар ҳам Оқ уйни очиқ огоҳлантириб, зарбаларни давом эттириш мумкинлигини, бироқ бу кейинги босқичда кўпроқ зарар келтириши ва бошқа минтақаларда, хусусан Хитойга нисбатан босим ўтказиш имкониятларини чеклаб қўйишини таъкидламоқда. Шу омиллар фонида Доналд Трамп маълум даражада чекинишга мажбур бўлди, деган хулоса қилинади.
Бироқ қарорга яна бир муҳим сабаб, Яман ҳусийчиларининг Боб ал-Мандеб бўғози атрофидаги фаоллиги бўлди. Уларнинг Саудия Арабистони нефт инфратузилмасига зарбалари ва Қизил денгизни блокада қилишга уринишлари вазиятни янада кескинлаштирди. Натижада турли омиллар йиғиндиси АҚШни ҳарбий босимни пасайтириб, дипломатик йўлга имкон беришга ундади.
Расмий баёнотларда Эрон томонидан музокараларни қайта тиклаш бўйича мурожаатлар бўлаётгани ҳам тилга олинмоқда. Бироқ кўплаб мутахассислар асосий сабаб барибир ҳарбий чекловлар эканини таъкидлашмоқда, агар бу омиллар бўлмаганида зарбалар давом этиши эҳтимоли юқори эди.
Камолиддин Раббимов: Асосий муаммо шундаки, Доналд Трампнинг Эрон устидан аниқ ва якуний ғалабага олиб борадиган стратегияси мавжуд эмас. Ҳозир унинг олдида бир нечта сценарий турибди. Биринчиси, кенг кўламли уруш. Бироқ бу вариант амалда деярли имконсиз. Чунки ҳатто уруш бошланса ҳам, Эроннинг сиёсий тизими тез ва кафолатли қулашига ишонч йўқ. Қолаверса, АҚШнинг ўзи ҳам бундай катта урушга тўлиқ тайёр эмас.
Иккинчи вариант – зарбаларни давом эттириш. Сўнгги ойларда АҚШ ва қисман Исроил томонидан Эронга қарши минглаб, тахминан 20 мингга яқин зарба берилгани айтилмоқда. Шунга қарамай, Эрон зарарланган инфратузилмани жуда тез тиклаяпти. Ҳатто Ғарб ва Исроил разведкаси айрим объектлар ойлар давомида тикланади деб баҳолаган бўлса-да, улар бир неча кун ичида қайта ишга туширилгани қайд этилган. Бу эса қимматбаҳо тизимлар – масалан, THAAD ёки Patriot каби мудофаа воситаларини қўллаш самарадорлиги ҳақида саволларни кучайтиради.
Асл мақсад Эронга босим ўтказиш ва уни қўрқитиш эди. Аммо амалий натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Эрон бундай босимдан чекинадиган давлат эмас.
Тарихий мисоллар ҳам буни тасдиқлайди: Виетнам йиллар давомида бомбардимон қилинган бўлса-да, таслим бўлмади; Афғонистон 20 йил давомида уруш майдони бўлди, аммо “Толибон” охир-оқибат яна ҳокимиятга қайтди, Ироқда эса режим тез қулаган бўлса-да, кейинчалик мураккаб ва беқарор муҳит юзага келди.
Бугунги вазиятда яна бир муҳим омил – конфликтнинг кенгайиш хавфи. Яман ҳусийлари аллақачон можарога қўшилди. Ироқда аҳолининг катта қисми шиалардан иборат бўлиб, улар Эрон билан яқин алоқада. Можаро бошидаёқ айрим диний етакчилар АҚШга қарши курашга чақириқлар билан чиққан. Саудия Арабистони ва бошқа минтақавий иттифоқчилар ҳам хавотир билдириб, турли йўналишлардан ҳужумлар ҳақида баёнотлар бермоқда. Бу эса бутун минтақани кенгроқ уруш гирдобига тортиб кетиш хавфини оширади. Бундай вазият АҚШнинг геостратегик манфаатларига мос келмайди.
Натижада Трамп олдида учинчи йўл, сиёсий чиқиш варианти қолади. Яъни “мақсадга эришилди” дея эълон қилиб, босқичма-босқич чекиниш. Аммо реал вазиятда аниқ ғалаба йўқлиги ҳам аён. Эрон эса бир неча бор огоҳлантириб, ўзига қарши ҳар қандай зарбага АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларини нишонга олиб жавоб қайтаришини билдирган. Бу сигналларни араб давлатлари ҳам жиддий қабул қилиб, Вашингтонга босим ўтказмоқда. Натижада Трамп учун можарони америкалик сайловчиларга “сотса бўладиган” тарзда якунлаш масаласи тобора мураккаблашиб бормоқда.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.










