Украина Ҳаво кучларига қарашли F-16 қирувчи самолёти 29 июл куни фронтда жанговар топшириқни бажараётган вақтда ҳалокатга учради. Ҳарбийлар маълумотига кўра, самолёт Россиянинг ҳаводан қилинган ҳужум воситаларини тутиб қолиш вазифасини бажараётган пайтда бортда фавқулодда ҳолат юзага келган.

Украина Ҳаво кучлари тарқатган баёнотда айтилишича, учувчи вазият оғирлашгач, катапултадан фойдаланишга мажбур бўлган. Қутқарув гуруҳлари уни тез орада эвакуация қилиб, тиббий кўрик ва диагностика учун шифохонага етказган. Ҳозирча унинг ҳаётига хавф йўқ.

Ҳарбийлар таъкидлашича, самолёт ҳалокатга учраган ҳудудда тинч аҳоли орасида қурбонлар ёки вайронгарчилик қайд этилмаган. Ҳодиса жойида мутахассислар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иш олиб бормоқда. Самолётнинг қулашига нима сабаб бўлгани юзасидан текширув тайинланган.

F-16 қирувчилари Украинага 2024 йил август ойи бошида Дания ва Нидерландия бошчилигидаги Европа давлатлари коалицияси томонидан етказиб берилган эди. Дастлабки босқичда Украина 10 та самолёт қабул қилган, кейинчалик эса паркни кенгайтириш режалаштирилган. Украина учувчилари мазкур самолётларни бошқариш бўйича АҚШда тайёргарликдан ўтган.

Бу Украина томонидан йўқотилган тўртинчи F-16 ҳисобланади. Биринчи самолёт 2024 йил 29 август куни Россиянинг оммавий ракета ҳужумини қайтариш вақтида қулаган, учувчи Алексей Мес ҳалок бўлган.

Иккинчи F-16 2025 йил 12 апрел куни жанговар вазифани бажараётган вақтда ҳалокатга учраган. Учувчи Павло Иванов ҳам ҳалок бўлган ва унга, Алексей Мес каби, Украина президенти Володимир Зеленский томонидан вафотидан сўнг «Украина Қаҳрамони» унвони берилган.

Учинчи F-16 эса 2025 йил 16 май куни Россия дронлари ҳужумини қайтариш чоғида йўқотилган эди.

Мутахассислар қайд этишича, ғарбда ишлаб чиқарилган F-16 қирувчилари Украина ҳаво мудофааси тизимининг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боис ҳар бир самолётнинг йўқотилиши мамлакатнинг ҳаво ҳимояси имкониятлари учун сезиларли талафот сифатида баҳоланмоқда.