Январ ойи охирида Aviator савдо марказида йирик ёнғин юз берган ҳамда ҳодисадан сўнг вайроналар остидан 2 ёш-у 7 ойлик қизчанинг жасади топилган. Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Янгиҳаёт туман судида кўриб чиқилмоқда. Kun.uz журналисти 28 июлда ўтказилган суд мажлисида қатнашди. Унда гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

ЖИБ Янгиҳаёт туман судида Aviator савдо марказидаги ёнғин юзасидан қўзғатилган жиноят иши биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда. Kun.uz журналисти суд мажлисида қатнашди.

Кимлар судланмоқда?

Aviator’даги йирик ёнғин бўйича 4 киши – бино эгаси, бинога эгалик қилувчи МЧЖ раҳбари, бинодан ижарага жой олиб, болалар майдончаси ташкил қилган МЧЖ таъсисчиси ва норасмий раҳбари судланмоқда. Уларнинг 3 нафарига қамоқ, бирига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланган.

Судланувчилар нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 192-11-моддаси 2-қисми “а” банди), ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш (ЖК 227-моддаси 2-қисми “а” банди), ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖК 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари) жиноятларида айбланмоқда.

Иш бўйича 10 киши жабрланувчи бўлиб ўтган.

“Яхши уланмаган симлар қизийди” – эксперт

Суд мажлисида иштирок этган эксперт ўз кўрсатмасида воқеа жойидан олинган ва экспертизага тақдим қилинган электр симларида “скрутка”, яъни симларни бураб улаш ҳолатлари аниқланганини айтди.

Экспертизага тақдим қилинган материалларда, яъни ўша симларда, ўзимизнинг тилда “скрутка” деймиз, шундай уланишлар бўлган. Контакт яхши бўлмаса, симлар қизишни бошлайди ва шу сабабли ёнғин чиқиши мумкин”, деди у.

Айблов хулосасида келтирилган экспертиза хулосасида ҳам электр симларининг бураб уланган жойлари ва улардаги контактлар суст бўлгани қайд этилган. Хулосада ёнғин электр кабелларидаги қисқа туташув ёки юқори ўтувчи қаршилик каби авария ҳолатлари оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Бироқ экспертлар ёнғиннинг келиб чиқиш сабабига қатъий жавоб бериш имкони бўлмаганини ҳам қайд этган.