Қўмитанинг билдиришича, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботлари топширилиши, ҳисоботлардаги камчиликлар тузатилиши, солиқ қарздорлиги тўланиши инобатга олиниб, қолган кешбэк суммалари автоматик тарзда тасдиқлаб борилади.

Истеъмолчилар бир ойда БҲМнинг 60 бараваридан (24 720 000 сўм) ошмаган харидлари учун 1% кешбэк (247 200 сўм) олиши мумкин.

Маълум қилинишича, кешбэк қуйидаги ҳолларда ҳисобланмайди:

  • агар чек берилганига 10 кундан ортиқ вақт ўтган бўлса;
  • автомобил, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олишда, алоқа ва коммунал хизматлар тўлов чеклари учун;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар хизмат кўрсатганда;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган тадбиркорлар томонидан рақамли платформалар (Xolis Paynet) орқали берилган харид чекларига;
  • жисмоний шахслар шубҳали харидорлар реестрига киритилган бўлса.

Солиқ қўмитаси томонидан июн ойида ижтимоий тармоқлар орқали маълум бир ҳақ эвазига учинчи шахслардан сохта харид чеки олиб, ҳақиқатда кирим қилинмаган ёки харид қилмаган маҳсулот ва товарлар харид чекларини рўйхатдан ўтказган 96 мингдан ортиқ фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилган.

Қўмита айрим фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан харид суммасидан қайтариладиган кешбэк тизимини нотўғри талқин қилиб, ўзлари билган ва билмаган ҳолда ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳолатлари учраётганини билдириб, бу қонунга хилоф ҳисобланиб, якунда жавобгар бўлиб қолиш хавфини юзага келтиришини таъкидлаган.