Лихтенштейн ҳукумати мамлакатда йирик киберҳужум содир этилганини маълум қилди. Ҳужум натижасида компаниялар, жамғармалар ва трастларга алоқадор шахслар ҳақидаги маълумотлар сақланган «Иқтисодий манфаатдор шахслар реестри» (VwbP) бузиб кирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, хакерлар 31 минг нафар шахсга оид маълумотларни қўлга киритган. Реестрда компаниялар ва бошқа юридик тузилмаларнинг ҳақиқий эгалари ҳамда уларга алоқадор маълумотлар сақланган.
Ҳозирда LLV.li давлат порталидаги мазкур реестр фойдаланувчилар учун вақтинча ёпилган. Расмий изоҳда тизимда техник хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилаётгани айтилган.
Ҳукуматнинг билдиришича, ҳозирча маълумотларнинг ўзгартирилгани ёки ўчириб юборилганини тасдиқловчи далиллар аниқланмаган. Бироқ маълумотлар ноқонуний равишда кўчириб олингани эҳтимоли тасдиқланган.
Расмий маълумотларга кўра, 30 июл куни номаълум шахслар реестрга ноқонуний кириш имконига эга бўлган. Шундан сўнг мутахассислар ҳодиса бўйича кенг қамровли техник таҳлилни бошлаган.
31 июл куни ҳукумат эҳтимолий киберҳужум ҳақида хабардор қилинган, 1 август куни эса дастлабки тергов натижалари расман тасдиқланган.
Вазиятга тезкор муносабат билдириш мақсадида махсус инқирозга қарши штаб ташкил этилди. Германиянинг dpa агентлиги маълумотига кўра, унга мамлакат бош вазири Бригитте Ҳаас ва адлия вазири Эмануэл Шедлер раҳбарлик қилмоқда.
Ҳукумат таъкидлашича, мазкур реестр пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида юритиб келинган. Айни пайтда киберҳужумни амалга оширган шахслар ва уларнинг мақсадлари аниқланмоқда.
Лихтенштейн аҳолиси тахминан 41 минг нафарни ташкил этади. Мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажми бўйича дунёдаги энг бой давлатлардан бири саналади. Шу боис унинг молия ва банк тизими кибержиноятчилар учун муҳим нишонлардан бири ҳисобланади.











