Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик бўйича жиноят содир этганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан қидирувга берилган шахс ушланди.
Асли Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган Р.Қ. тергов органларидан яширинганлиги сабабли унга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳудудида яшириниб юрган вақтида Бухоро вилояти ИИБ КҚКБ масъул ходимлари томонидан қўлга олинган.
Жараён давомида унга тегишли мобил телефон холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг ичида "Apple Nasiya" ва "Halol Nasiya Savdo" номли профиллар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур шахс ижтимоий тармоқлардаги ушбу профиллар орқали 50 га яқин фуқарони чув туширган бўлиши мумкин.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ва қонуний чоралар кўрилмоқда.











