Рим империяси аҳолисининг аниқ сонини белгилаш тарихчилар учун мураккаб вазифалардан бири ҳисобланади. Сабаби, қадимги Римда ўтказилган аҳоли рўйхатлари империяда яшаган барча кишиларни қамраб олмаган.

Замонавий баҳоларга кўра, империя ўз қудратининг энг юқори даврида 59–76 миллион нафар аҳолига эга бўлган.

Бу кўрсаткични ҳисоблашда тарихчи ва археологлар турли манбалар, миқдорий усуллар ва математик моделлардан фойдаланган.

Жумладан, қадимги шаҳарлардаги археологик қазишмалар орқали қанча уй бўлгани ва аҳоли қанчалик зич жойлашганини баҳолаш мумкин. Солиқ ва ҳарбий ҳужжатлар эса оилалар ҳажми, демографик тенденциялар ва армияда хизмат қилганлар сони ҳақида маълумот беради.

Озиқ-овқат таъминоти ҳам муҳим манба ҳисобланади. Рим катта миқдорда, жумладан Шимолий Африкадан дон импорт қилган. Бир киши йилига ўртача қанча дон истеъмол қилганини ҳисобга олиб, олимлар ушбу маҳсулотлар қанча аҳолини таъминлаганини тахмин қилишади.

Қадимги қабристонлар ҳам демографик манба вазифасини ўтайди. Оилавий дафнлар, қабрлар сони ва ўлим кўрсаткичлари аҳолининг сони ва таркибини баҳолаш имконини беради.

Шу билан бирга, қадимги Римдаги аҳоли рўйхатлари тарихчилар ўртасида ҳануз баҳсларга сабаб бўлади. Масалан, Август давридан олдинги рўйхатлардан бирида қарийб 900 минг фуқаро қайд этилган бўлса, Август давридаги биринчи рўйхатда бу рақам 4 миллиондан ошган. Бу фарқ ҳисоблаш методикаси ва рўйхатга кимлар киритилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

395 йилда Рим империяси Ғарбий ва Шарқий қисмларга бўлинган пайтда Ғарбий Рим империясида тахминан 22 миллион, Шарқий Рим империясида эса 34 миллион киши яшаган.
Мутахассислар таъкидлашича, 59–76 миллионлик кўрсаткич қатъий рақам эмас. Янги археологик кашфиётлар ва математик моделларнинг такомиллашиши келгусида Рим империяси аҳолиси ҳақидаги баҳоларни ўзгартириши мумкин.