Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев танишган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобил АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган 48,4 мингдан зиёд фуқаро бундай имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 2025 йилда улар транспорт хизматларидан 1,7 миллион марта фойдаланган.

Янги тартибга кўра, 11 тоифадаги фуқароларга ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилади. Қоғоз талонлар бекор қилиниб, чипта харид қилиш учун ID-карта ёки биометрик паспортни тақдим этиш кифоя қилади. Имтиёз ҳуқуқи “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали текширилади.

2027 йил 1 январдан имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Baraka” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имконияти яратилади.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни жойларда сифатли йўлга қўйиш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.