Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилган. Ҳозир республикада жами 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида уларга 1,1 минг нафар шахс жойлаштирилган.
Амалдаги реабилитация муассасалари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади. Бошпанасиз шахслар ушбу марказларга ўз мурожаати асосида, “маҳалла еттилиги”нинг ўрганиш натижаларига кўра ёки ижтимоий ходим ва профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади. Уларнинг ҳар бири учун индивидуал режа ишлаб чиқилиб, ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари белгиланади.
Марказларда бандликни қўллаб-қувватлаш бўлинмалари ташкил этилиб, тадбиркорларга бўш жойлар имтиёзли шартларда ижарага берилади. Бошпанасиз шахсларга касбга ўқиш учун ваучер ажратиш, уларни ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар қаторига киритиш ва улар учун иш ўринларини захиралаш назарда тутилмоқда. Нодавлат ташкилотларга давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш орқали вақтинчалик бошпана, иссиқ овқат ва кийим-бош билан таъминлаш қамрови кенгайтирилади.
Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва реабилитация қилиш механизмларини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
2026 йил 1 сентябрдан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида одам савдосидан жабрланган шахсларнинг ҳолатини баҳолаш ва тегишли хизматларга йўналтириш тизими жорий этилади.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва ҳудудий марказлари этиб қайта номланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, қўшимча 40 та ўрин яратилади.
Шу билан бирга, бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция хизматлари билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш, кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиш таклиф этилди.







