Сирдарё вилояти судининг апелляция инстанцияси 18 ёшли қизга нисбатан маъмурий жавобгарлик тайинланган қарорни бекор қилди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг 2026 йил 28 июлдаги қарори билан 18 ёшли Г. И. майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилиб, унга БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солинганди.
3 август куни Сирдарё вилоят судининг апелляция инстанциясида ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Г. И.нинг шикояти асосида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинди.
Г. И.нинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик ҳодисаси мавжуд эмаслиги сабабли маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишнинг унга оид қисми МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан тугатилди.
Шунингдек, Сирдарё вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суриштирув ҳаракатларини амалга оширган ички ишлар органи профилактика инспектори ҳамда жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг тергов судьясига нисбатан тегишли тақдимномалар чиқарилган.
Собиқ мураббийнинг шилқимлиги
Аввалроқ ушбу воқеа ҳақида зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ёзганди. Хабарда келтирилишича, 26 ёшли С. Ҳ. маҳаллий спорт мактабида мураббий-ўқитувчиси бўлиб ишлаган, жабрланувчи Г. И. эса унинг собиқ шогирди бўлган.
Ҳодиса 17 июл куни, қиз 18 ёшга тўлганидан тахминан икки ҳафта ўтгач содир бўлган. Собиқ мураббий уни боғда учратиб, жинсий алоқа қилишни таклиф этган ҳамда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этган.
С.Ҳ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмига мувофиқ шаҳвоний шилқимлик содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган
Қизга нисбатан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилган. Сайхунабод тумани жиноят ишлари бўйича судининг 28 июлдаги қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича (майда безорилик, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) айбдор деб топилиб, БҲМнинг уч баравари миқдорида (1 млн 236 минг сўм) жаримага тортилган.
Nemolchi.uz лойиҳаси мазкур қарорни танқид қилиб, «Жим бўл ва чида. Тизим мураббийнинг шилқимлигидан ҳимояланишга урингани учун 18 ёшли қизни жазолади» сарлавҳали пост эълон қилганди:
«Савол туғилади: у айнан кимнинг осойишталигини бузди — қизга шилқимлик қилинаётганини эшитган йўловчиларнингми ёки ишини охирига етказа олмаган мураббийнинг ўзиними?
Махсус қамоқдаги беш сутка давлат учун ўн саккиз ёшли қизга ўзини ҳимоя қилгани учун тўлатиладиган суммадан кўра арзонроққа тушади. Шилқимлик қилиш катта ёшдаги эркак бир неча кунлик рамзий жазони ўтайдиган ҳуқуқбузарлик бўлиб чиқади, ўзини ҳимоя қилишга уриниш эса — бақириш, ғазаб, жим турмаслик — жамоат тартибини бузиш деб баҳоланади ва жабрланувчи томонидан пул компенсациясини талаб қилади.
Севара дахлсизлик ҳуқуқи тан олиниши ўрнига қарши айбловга дуч келди ва энди шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган ҳар қандай аёл-қиз биладики: ёрдам сўраб бақириш унга қимматга тушиши мумкин».











