Украина дрони Геленжик шаҳрининг Архипо-Осиповка посёлкасига ҳужум қилиши оқибатида етти киши ҳалок бўлди, шундан уч нафари болалар. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев хабар берди.

Унинг маълумотига кўра, 40 киши жароҳатланган, шундан 21 нафари шифохонага ётқизилган. РФ соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов маълум қилишича, жабрланганлардан тўрт нафари (шундан икки нафари болалар) оғир аҳволда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода дрон тўғридан тўғри пляжга келиб урилгани ва портлаганини кўриш мумкин. Бу вақтда соҳилда ва сувда одамлар дам олаётган бўлган.

Краснодар ўлкаси оператив штаби соҳилга «дрон парчалари» қулагани ҳақида маълум қилган. Украинадаги телеграм-каналлар эса дрон радиоэлектрон кураш воситалари таъсирида бошқарувни йўқотиб, пляжга қулаб тушганини таъкидламоқда.

«Осторожно, новости» қайд этишича, шаҳар раҳбари Алексей Богодистов соат 08:34 да дронлар ҳужуми хавфи ҳақида хабар берган. 10 дақиқа ўтиб у бу режим бекор қилинганини ёзган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли вакиллари ва сайёҳлар сиреналар овози эшитилмаганидан шикоят қилишган, ҳолбуки посёлкада огоҳлантирувчи тизим бўлган. 93.ru нашри ўқувчилари ҳам огоҳлантириш тизими ишламаганини айтиб беришган.