Украина ҳукумати ортидан The Wall Street Journal нашрининг америкалик мулозимлар орасидаги манбалари ҳам Кремл ҳарбий сафарбарликнинг янги тўлқинини эълон қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, агар РФ раҳбарияти бундай қадам ташлашга журъат этса, бу фақат Давлат думасига сайловлардан сўнг содир бўлади. Овоз беришнинг асосий куни 20 сентябрга белгиланган.
Агар Владимир Путин Донбассни тўлиқ эгаллашга уринишда давом этадиган бўлса, «унда сафарбарлик эълон қилишдан бошқа чора қолмаслиги мумкин», деб ҳисоблайди Москва Стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази директори Руслан Пухов.
Захирадагилар ва ҳарбий тажрибага эга бўлган россияликлар хизматга чақирилган сафарбарликнинг биринчи тўлқинидан фарқли ўлароқ, янги тўлқин ҳарбий тажрибаси кам ёки умуман жанг қилишни истамайдиган одамларни қамраб олади, дейилади мақолада. Шу билан бирга, бундай қарорнинг сиёсий рисклари фронтдаги ҳарбий устунликка эришишдан кўра оғирроқ тош босиши мумкин.
Аввалроқ «Медуза» ва бошқа нашрлар манбалари октябр ойидаёқ сафарбарликнинг янги тўлқини бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Уларнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати шартнома асосида ҳарбийларни ёллаш билан боғлиқ муаммолар фонида оммавий чақирув ҳақида ўйлай бошлаган. Шартнома асосида хизмат қилишни хоҳловчилар сони камайиб бормоқда, турли йўллар билан шартнома имзолашга кўндирилганлар эса кўпинча ҳарбий хизматга яроқсиз бўлиб чиқмоқда.
Яқинда Украина президенти Володимир Зеленский разведка маълумотларига таяниб, Давлат думаси сайловларидан кейин Россияда сафарбарлик бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, гап «яширин» сафарбарлик ҳақида кетмоқда, чунки Россия ҳукумати барибир жамиятнинг реакциясидан хавотирда. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун сафарбарликнинг янги тўлқини «катта муаммо» бўлиши мумкин, чунки Путин 300 мингдан 500 минггача одамни сафарбар қилишни режалаштирмоқда.
Ҳарбий таҳлилчи Руслан Левиевнинг фикрича, сафарбарлик учун ҳарбий сабаблар йўқ ва оммавий чақирув Россия армиясига фронтдаги вазиятни ўзгартиришга ёрдам бермайди. Шу билан бирга, бу қарорнинг иқтисодий ва сиёсий харажатлари Россия ҳукуматига «оғриқли зарба» бериши мумкин.
«Медуза» ҳарбий эксперти Дмитрий Кузнец агар Россия армиясидаги йўқотишлар сони шартнома бўйича қабул қилинаётганлар сонидан ошиб кетса, сафарбарликнинг янги тўлқини эҳтимоли ортишини таъкидлаган. Бироқ ҳозирча Россия қўшинларида шахсий таркибнинг кескин тақчиллиги кузатилмаяпти. Бундан ташқари, сафарбарликнинг ўзи фронтни ёриб ўтишга имкон берадиган устунликни тақдим этмайди.












