Вазирликнинг маълум қилишича, суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришдаги кечикишлар, газ баллонларининг тўлдирилиши, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва ходимларнинг муомала маданияти билан боғлиқ ҳолатларнинг ҳар бири ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
Қайд этилишича, охирги ойларда республика ҳудудларида суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан юқоридаги каби масалалар юзасидан мурожаат ва таклифлари бўлса, республика бўйича ташкил қилинган штабларга мурожаат қилишини сўраган.
Расмий изоҳда муаммо кўлами ва сабаблари очиқланмаган, бирорта рақам келтирилмаган. Ваҳоланки, Kun.uz'даги маълумотларга кўра, Фарғона вилоятидаги 509 мингта хонадоннинг эҳтиёжини қоплаш учун (ҳар бирига 20 килодан) ойига ўртача 10,2 млн тонна суюлтирилган газ керак бўлади, аммо йил бошидан бери бирор марта ойига бунча пропан етказиб берилмаган.
Январ ойида 8,5 млн тонна бўлган кўрсаткич ойдан ойга пасайиб, май ойида 4 млн тоннага, июнда 4,9 млн тоннага тушиб қолган. Бу эса эҳтиёжнинг ярмини ҳам қопламайди.
Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида мазкур видеорепортаж остида қолдирилган изоҳлардан кўринишича, суюлтирилган газ таъминотидаги муаммо фақат Қува ёки Фарғона вилояти билан чекланмас экан. Қуйида кузатувчилар қолдирган изоҳларни келтириб ўтамиз:
Шуҳрат Шойимов:
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Шўртан шаҳарчасида жойлашган Шўртан газ-кимё заводидан бор-йўғи 20 км узоқликда яшайман. Суюлтирилган газ бизга ҳам 3 ой деганда келди...
Мадинабону Рўзибоева:
Кўкдала тумани (Қашқадарё) Шўрбозор маҳалласига ҳам газ берилмаганига 3 ойдан ошди. Светни гапирмаса ҳам бўлади, истаган пайтда ўчиришади.
Шерзод Аҳмедов:
Биз Хоразмдан, бизда ҳам 3 ойдан ошдики газбаллон алмаштирилмади.
Абдураҳим Аҳмедов:
Андижоннинг Бўз туманига суюлтирилган газбаллон охирги марта 28 апрелда келган. Шундан бери пропанни кўрганимиз йўқ...
Сардор Қудратов:
Тошкент шаҳри учун газ муаммосиз, лекин оддий қишлоқликлар учун газ йўқ, баҳона тайёр. Оддий халқнинг ҳам ҳаққи бор ҳудди шаҳарликлар сингари. Мана Сурхондарё вилояти Сариосиёда ҳам 2 ойдан ошди газ йўқлигига, секин-аста газ нималигини ҳам унутворсак керак. Катталар ўтин ёқиб овқат пиширмаса, уйида беминнат гази бор, гази йўқ билан нима иши бор? Худдики оддий халқ ҳаққи бўлган газни бепул олаётгандек...
Ботир Зиятдинов:
Самарқанд вилояти Қўшработ туманида ҳам газбаллони келмаганига 70 кундан ошди. Ҳали ҳам келгани йўқ.
Хоразм1980:
Хоразм вилояти Хазорасп тумани Овшар қишлоғида янги йилдан олдин Жамшид исмли газ таъминотчи одамлардан газбаллонларни йиғиб кетган эди. Мана шу кунгача баллонлардан дарак йўқ. Ўзимиз бозордан баллон сотиб олдик. Бу ҳақда ҳоким ва участкавойга арз қилдик. Ҳаммаси жим, оддий халқни ҳеч ким ўйламайди...
Достон Муҳиддинов:
Ўзбекистоннинг барча ҳудудида шу аҳвол. Сурхондарёда ҳам суюлтирилган газ 45-50 кунда аранг келади.
Давлатбек Худойбердиев:
Кўтарилган масала фақат водийда эмас. Сурхондарёда ҳам шу аҳвол. Пропан 2-3 ойда бир келади. Шунда ҳам келса...
Исми номаълум изоҳ ёзган юртдошимиз:
Фарғона вилояти Бувайда туманида ҳам 3 ой кутдик. Тизимни қайта ташкил қилиш керак. Бир тийинга қиммат. Нархи осмонда лекин...
Муҳаммадазиз Муҳаммадкаримов:
Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғига ҳам келганига 100 кундан ошди...
Абдулла Абдураимов:
Бизнинг Самарқанд вилоятида ҳам шу аҳвол. Анчадан бери пропан келмади.
Рустам Кўчимов:
Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғига ҳам келганига 4 ой бўлди.
Фозилов А:
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманига ҳам анчадан бери пропан келмади...
Андижонлик марожаатчи:
Андижон шаҳар, Майдон азиз маҳалласи Яхши кўчасида яшайман. Бизда ҳам худди шу аҳвол. II гуруҳ ногирониман, хасталигим сабаб уйда ётиб қолганман. Маҳалла риасига газбаллоним тугади, қачон келади, деб мурожаат қилсам, энди газбаллон келмас экан, ҳокимиятда мажлисда энди фуқаролар ўзлари тўлдириб келиб ишлатади, деб айтди. Газ идорасига мурожаат қилсам, жавоб беришмади. Ҳозир ҳамма жойда шу аҳвол деди. Танишимга пул бердим, 230 минг сўмга баллонни тўлдириб келиб берди. 4 ой бўлди газбаллон келмаганига.
Бобур Яхшибоев:
Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳам шу аҳвол. Охирги марта 14 апрелда келган эди...
Жиззахлик мурожаатчи:
Жиззах вилояти Фориш тумани, Қораобдол ота маҳалласида ҳам шу аҳвол...
Эслатиб ўтамиз, ҳафта бошидаги йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва бу борада аввалига Андижон тажрибасини яратиш таклифи маъқулланди. Янги тизимда тадбиркорлар суюлтирилган газни ўзи импорт қилиб ёки биржадан харид қилган ҳолда, аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади.
Статистика қўмитасининг ташқи савдо ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг январ-июн ойларида суюлтирилган газ (пропан) импорти 86,3 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган.
Қўмитанинг саноат ишлаб чиқариш ҳисоботидан суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумотлар жой олмайди. Фақат шуниси маълумки, табиий газ ишлаб чиқариш биринчи ярим йилликда 18,3 млрд куб метргача қисқарган. Бу – бир йил олдингидан (21,9 млрд куб) 16,4 фоизга, икки йил олдинги кўрсаткичдан (22,5 млрд куб) 18,7 фоизга кам.











