АҚШ президенти Доналд Трамп Air Force One самолёти бортида журналистлар билан мулоқот чоғида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи 3 август куни старт олишини билдирди.

Трампнинг айтишича, Оқ уй Эронга қарши навбатдаги ҳарбий зарбаларни амалга оширишдан вақтинча воз кечган. Бу қарор дипломатик музокараларга имконият яратиш ва можарони тинч йўл билан ҳал этиш мақсадида қабул қилинган.

«Бу кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади», — деди АҚШ президенти.

Унинг таъкидлашича, эҳтимолий келишув нафақат Эрон ядровий дастури, балки жаҳон нефт ташувида муҳим аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олиши мумкин.

«Мен келишувга эришишни афзал кўраман. Мен одамларни ўлдиришни ёқтирмайман», — деди Трамп. Шу билан бирга, у зарурат туғилса, АҚШ исталган вақтда Эронга қарши янги ҳарбий амалиётларни бошлаши мумкинлигини ҳам қайд этди.

Бир кун аввал Трамп АҚШ ва Исроил Эрон ҳамда Яқин Шарқ давлатларининг мурожаатидан сўнг Теҳронга режалаштирилган навбатдаги ҳужумни кечиктирганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Эронга қарши Иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилмаган даражадаги ҳарбий куч ишлатишга тайёр бўлган, аммо «бутун дунё келажаги манфаати йўлида» ва Эрон билан келишувнинг асосий шартлари мувофиқлаштирилгани сабабли бу режадан вақтинча воз кечилган.

Маълумот учун, АҚШ аввал ҳам Эронга қарши режалаштирилган зарбаларни бир неча бор ортга сурган. 2026 йил июнь ойида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлашни назарда тутувчи англашув меморандуми имзоланган эди. Бироқ кейинчалик АҚШ Эронни келишув шартларини бузганликда айблаб, ҳарбий амалиётларни қайта тиклаган.

Сўнгги зарбалардан бири 30 июль куни амалга оширилди. АҚШ ҳарбийлари Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ўнлаб объектлари, жумладан қўмондонлик марказлари ҳамда ракета ва дронларни учириш инфратузилмасига ҳужум қилган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, зарбалардан бири Кешм оролидаги турар жой ҳудудига ҳам тегиб, камида уч киши ҳалок бўлган.