Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ҳужжат билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳасида автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш жазо чорасини жорий этиш, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқариш учун бериш, ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ёки уларда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавф туғдирадиган ҳолатда тўхтатиб қўйиш, шунингдек, белгиланган тезликни соатига 80 километрдан ортиқ миқдорда ошириш каби ҳуқуқбузарликлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мазкур ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган “йўл безорилиги” учун амалдаги жазоларга қўшимча равишда транспорт воситасини мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш каби таъсирчан ҳуқуқий механизмларни қўллаш кўзда тутилган.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.











