Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, давлат органларида бошқарув ходимларининг штат бирликлари 2016 йилдаги 73 мингдан сўнгги йилларда 54 мингтага мақбуллаштирилган.

Тақдимотда амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги номутаносибликлар таҳлил қилинди.

Бугунги кунда давлат хизматчилари иш ҳақи таркибида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди. Иш ҳақи фондининг 70 фоизгача қисмини ходимнинг аниқ натижасига боғланмаган турли устама, мукофот ва рағбатлантирувчи тўловлар ташкил қилади.

Натижада бир хил лавозимда ва ўхшаш вазифаларни бажараётган ходимларнинг иш ҳақи ўртасида катта фарқ юзага келган. Айрим вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари оладиган иш ҳақини вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларидаги худди шундай лавозим эгалари иш ҳақи билан солиштирганда, тенглик принципларига амал қилинмаётгани кўринади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Аксарият давлат органларида қўлланилаётган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича 50 дан ортиқ алоҳида норматив ҳужжат амал қилмоқда.

Шу боис, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Янги тизим билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиш кўзда тутилган. Давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.

Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш таклиф қилинди. Ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилади.

Жумладан, малака даражаси, ходимнинг функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги асосида баҳоланадиган самарадорлик кўрсаткичлари – KPI учун устама тўланади.

Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижа кўрсатган ходимларга ҳисобот даври якунлари бўйича бонус тўловлари бериш назарда тутилмоқда.

Ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда иш ҳақи ҳамда штат бирликларини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.

Энг муҳими, ҳар бир давлат хизматчиси иш ҳақи қандай шаклланиши, қайси натижа учун устама ёки бонус олишини олдиндан билади. Бу ходимларнинг самарадорлиги, ташаббускорлиги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Давлат раҳбари меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ҳамда эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, бонус тўловлари ходимнинг илғор ахборот технологияларни, жумладан, сунъий интеллект, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштиргани, тажриба ва малакасини оширгани каби аниқ мезонлар асосида тўланиши белгиланди.