Айни пайтда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида иккинчи мутахассисликка қабул жараёни давом этяпти. Ижтимоий тармоқларда абитуриентлар ҳужжатларини учтагача олий таълим муассасасига топширишлари мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ягона таълим хизматлари портали оператори билан боғланди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, номзодлар ҳужжатларини фақатгина битта ОТМгагина топшириши мумкин.

Маълумот учун, 2026/2027 ўқув йили учун иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга қабул жараёнлари 10 июл куни бошланганди. Ҳужжатлар 2026 йил 10 августга қадар қабул қилинади. Номзодлар my.edu.uz платформасида қуйидаги маълумотларни киритиши керак: фуқаролик паспорти ёки ID карта ҳамда бакалавриат босқичини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом маълумотлари. Хорижий давлатлар таълим муассасаларининг 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлари белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши лозим.