Нашр EA Analytics маълумотларига таяниб ёзишича, бундай пасайишга Украина Қуролли кучларининг Россия нефт инфратузилмасига берган мунтазам зарбалари асосий омиллардан бири бўлган. Натижада қатор нефтни қайта ишлаш заводлари иш ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлган.

Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиё бўйича катта илмий ходими Сергей Вакуленконинг фикрича, Россия ҳаво мудофааси тизимини кучайтириш орқали нишонларга етиб бораётган дронлар сонини қисман камайтириши мумкин, аммо барча ҳужумларнинг олдини тўлиқ олиш имконига эга эмас.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Москва ва Киевнинг очиқ манбалардаги маълумотлари асосида июл ойида Россиянинг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт танкерлари, денгиз инфратузилмаси ва магистрал қувурларига камида 30 марта зарба берилган. Бу уруш бошланганидан буён бир ой ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Нашр қайд этишича, ҳисобга Қора денгиз соҳилидаги Каспий қувур консорциуми терминали билан боғлиқ саккизта танкерга қилинган ҳужумлар киритилмаган. Агар бу ҳужумлар учун ҳам Украина расман жавобгарликни ўз зиммасига олганида, июл ойи Россия нефт объектларига қарши энг кўп ҳужум қилинган давр сифатида қайд этилар эди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, июл ойи давомида Украина тактикаси ҳам ўзгарган. Ойнинг биринчи ярмида асосий зарбалар нефтни қайта ишлаш заводларига берилган. Бу эса Россияни ички қайта ишлаш ҳажми қисқаргани сабабли хом нефт экспорт ҳажмини деярли рекорд даражагача оширишга ундаган.

Июлнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса асосий эътибор нефт танкерлари ва денгиз инфратузилмасига қаратилган. Қора ва Азов денгизларида танкерларга қилинган ҳужумлар Россиянинг жанубий портлари орқали нефт ташиш жараёнига салбий таъсир кўрсатган.

Ҳужумлар кучайгани ортидан Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгизда ҳаракатланаётган кемаларни эҳтиёткор бўлишга чақириб, мазкур ҳудудда кема қатнови учун хавфлар мавжудлигини билдирган.

Rystad Energy компанияси таҳлилчиси Хорхе Леоннинг фикрича, Россия Новороссийск орқали амалга оширилаётган нефт экспортнинг маълум қисмини Болтиқ денгизи портларига йўналтириш имконига эга. Бироқ ушбу портлар ҳам Украина ҳужумлари хавфи остида қолмоқда.

Нашрнинг эслатишича, 23 июл куни Европа Иттифоқининг Россияга қарши 21-санкциялар пакети кучга кирган. Ушбу чекловлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири Россиянинг нефт савдосидан оладиган даромадларини қисқартириш ва урушни молиялаштириш имкониятларини чеклаш ҳисобланади.