Чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда аҳоли хонадонлари ва чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Республикада 191 та туманда 2 минг 407 та чорвачиликка ихтисослашган маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 823 мингта хонадон ва 3,9 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу хонадонларга арзон чорва моллари етказиб бериш, сигирларни сунъий уруғлантириш, ем-хашак таъминоти ва зооветеринария хизматларини яхшилаш, наслдор бузоқларни идентификация қилиш ҳамда улар учун субсидия ажратиш таклиф этилди. Натижада хонадонларда чорва бош сони ва маҳсулдорлик ортиши, аҳоли учун қўшимча даромад манбалари яратилиши кутилмоқда.
Наслчилик соҳасида 13 та туманда ҳар бири 200 бош қорамолга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этиш, йилига 500 минг бош сигирни сараланган уруғ билан сунъий уруғлантириш ва эмбрион трансплантацияси технологияларини кенг жорий қилиш режалаштирилган.
Тақдимотда Ўзбекистон чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик ишлари, илмий тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий кўмак кўрсатиш ҳамда ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш билан шуғулланади.
Фермерлар ва аҳоли учун “Smart Fermer” ягона рақамли ёрдамчиси ҳам тақдим этилди. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш, озиқлантириш ва яйловларни бошқариш бўйича маълумот олиш, субсидияларга мурожаат қилиш ва сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш мумкин бўлади.
Паррандачилик соҳасида умумий қиймати 432 миллион доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар ҳисобига 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, озуқа-ем қувватини 3,3 миллион тоннага етказиш ва замонавий сўйиш тизими қамровини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли ҳисоб ва мониторингни йўлга қўйиш, ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.











