Ғазода йирик дафн маросими
Ғазодаги фаластинликлар сешанба куни Исроилнинг геноцид уруши даврида вайроналар остидан жасадлари топилган 112 киши учун жаноза намозини ўқиди.
Anadolu нашрининг хабар беришича, Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласида минглаб одамлар йиғилган. У ерда байроқларга ўралган жасадлар харобалар ёнига қўйилганди. Қурбонлар кейинчалик Зайтун маҳалласида жойлашган қабристонга дафн этилди.
Ушбу қурбонлар Ал-Ҳасайн ва Абу Шария оилаларига мансуб. Улар 2023 йил 23 ноябр куни уйларига Исроил ҳаво ҳужумлари зарба бериши оқибатида ҳалок бўлганди. Қурбонлар сони кўплиги сабабли бу жаноза Ғазода сўнгги йилларда ўтказилган энг йирик маросимлардан бири бўлди.
Ғазо Фуқаро мудофааси ўз баёнотида қурбонлар орасида 40 нафар бола, 38 нафар аёл ва етти нафар ногиронлиги бўлган шахс борлигини маълум қилди.
Шу билан бирга ҳалигача вайроналар остида қолиб кетган 157 кишининг қолдиқларини олиб чиқишнинг имкони бўлмаяпти.
Фаластин расмийларига кўра, 2023 йил октябр ойидан бери Исроилнинг Ғазога қарши геноцид урушида 73 000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 174 000 дан ортиқ одам жароҳатланди.
2025 йил 10 октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Исроил ҳужумлари бутун анклав бўйлаб давом этиб, яна 1250 нафар фаластинликни ўлдирган ва 4110 кишини жароҳатлаган.
АҚШ-Эрон музокаралари
АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни бўлиб ўтган музокаралар чоғида унинг маъмурияти Эрон билан «жуда яхши муҳокамалар» ўтказганини айтди.
«Улар кун бўйи музокара олиб боришди. Ҳўрмуз бўғози жуда тез орада очилади. Агар улар яна ортга чекинса, уларга жуда қаттиқ зарба берилади», деди Трамп Fox Newsʼдаги чиқишида.
Axios нашри ўз манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ ва Эрон – Ўмон билан келишув орқали «бўғозни қайта очиш бўйича оралиқ битим»га яқинлашмоқда. Вашингтон чоршанба куни бу ҳақда эълон қилишни мақсад қилган.
Бироқ Эрон расмийлари — «Қўшма Штатлар Эронга таҳдид қилишда давом этар экан, бўғоз бўйича келишув кечиктирилишини» маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий эса бўғоз орқали транзит масаласида Ўмон билан музокаралар ижобий давом этаётганини, шунингдек, улар хавфсиз қатнов йўлакларини ўрнатишга қаратилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, музокара қилинаётган йўналиш икки давлатнинг суверен ҳуқуқлари ва миллий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
















