Ҳусийлар Макка томон дрон учиргани айтилмоқда
Яқин Шарқда жанглар кучайиб бормоқда. Саудия Арабистони ҳаво мудофааси Макка шаҳридан жанубда ҳусийларнинг дрони уриб туширилганини маълум қилди. Ямандаги ҳарбий коалицияга кўра, дрон муқаддас шаҳар устидаги тақиқланган ҳаво ҳудудига киришдан олдин йўқ қилинган.
16 cентябрга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса — ҳусийларнинг Маккани нишонга олишга қаратилган иккинчи уриниши бўлди, деди коалиция матбуот котиби Турк ал-Маликий. Унга кўра, хусийлар 2017 йил июл ойида бу ҳудудга баллистик ракета ҳам учирган.
Макка Ислом динининг энг муқаддас қадамжоларига мезбонлик қилади ҳамда йиллик Ҳаж зиёратининг маркази ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг хавфсизлиги «қизил чизиқдир», дейилади коалиция баёнотида.
Ҳусий расмийлари Макка нишонга олинганини инкор этди ва бу айбловни «очиқдан очиқ ёлғон» деб атади.
Сўнгги кунларда ҳусийлар Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги ҳудудлари бир қисмини назоратга олди. Бу эса Ҳўрмуз бўғозидан йўналтирилган Саудия Арабистонининг нефт экспортига хавф туғдирмоқда.
Саудия Арабистони 2015 йилдан бери Яман ҳукумати билан ҳусийларга қарши курашаётган коалицияга етакчилик қилиб келмоқда. Сўнгги йилларда можаро асосан тинчиган эди, бироқ шу ой ҳусийлар Яман ҳукумати билан иттифоқдош кучларни ортга сурганидан кейин низо яна аланга олди.
Reutersʼнинг ёзишича, ўтган ҳафтада Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Доналд Трампга қўнғироқ қилиб, ҳарбий ёрдам сўраган. Аммо ҳозирча бу ёрдам фақат разведка кўмаги билан чекланиб қолмоқда.
АҚШда қурол тақчиллиги
АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруши бошланганидан бери Қўшма Штатлар илк марта расман ўқ-дори танқислиги юзага келганини тан олди. AFP'нинг хабар беришича, Пентагон Конгрессга тақдим этган мажбурий ҳисоботда Эрондаги уруш сабабли Қуролли Кучлар снарядлар етишмовчилигини бошдан кечираётгани айтилган.
Конгресснинг мустақил бюджет бюроси ҳисоб-китобларига кўра, шу пайтгача Эрондаги уруш мамлакатга 38 миллиард долларга тушган. Бу сумманинг 22,3 миллиард доллари ўқ-дорилар учун сарфланган. Ҳисоботдан келтирилган иқтибосда «Уруш стратегик захираларда узилишларга ҳамда саноат ва снарядлар захирасини тўлдиришни таъминлаш соҳаларида танқисликка олиб келди», дейилади.

















