Марказий банк бошқарувининг қарори билан айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди. Унга мувофиқ, мижозларни идентификация ва аутентификация қилиш жараёнида фойдаланиладиган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари Ўзбекистон ҳудудида сақланиши мажбурий этиб белгиланди.
Янги талаб тўлов тизимлари операторлари, тўлов хизматларини етказиб берувчилар, факторинг электрон платформалари ҳамда кредит бюролари фаолиятига татбиқ этилади.
Шу билан бирга, ҳужжатда мижозларга тегишли биометрик бўлмаган бошқа турдаги шахсга доир маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳам сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкинлиги қайд этилган.
Марказий банк қарори Адлия вазирлигида 2026 йил 1 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.











