Маълум қилинишича, муаммо «Сбер», ВТБ, «Альфа-Банк», «Россельхозбанк», «Промсвязьбанк», «Уралсиб» ва «Санкт-Петербург» банки каби қатор йирик молия муассасалари сайтларига таъсир кўрсатган.

Google Chrome, Safari, Mozilla Firefox ва Microsoft Edge браузерлари ушбу сайтларга киришга уринганда «Уланиш ҳимояланмаган» ёки «Сайт хавфсиз эмас» деган огоҳлантиришни чиқармоқда. Фойдаланувчи сайтга кириши учун қўшимча амалларни бажариб, хавфни ўз зиммасига олган ҳолда давом этишини тасдиқлаши талаб этилади.

Айрим банклар, хусусан Т-Банк сайти эса айрим браузерларда муаммосиз ишлашда давом этмоқда. Шу билан бирга, «Сбер» сайти баъзи браузерларда очилса-да, манзил сатрида унинг хавфсиз эмаслиги ҳақида белгилар сақланиб қолмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу ҳолат хорижий сертификатлаш марказлари Россия компанияларининг TLS/SSL сертификатларини бекор қилаётгани билан боғлиқ. Ушбу сертификатлар сайтнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди ва браузер билан сервер ўртасидаги маълумотлар шифрланган ҳолда алмашинишини таъминлайди.

Хорижий сертификатлар чақириб олина бошлаганидан кейин кўплаб Россия сайтлари маҳаллий хавфсизлик сертификатларига ўтган. Бироқ бу сертификатлар халқаро браузерлар томонидан тан олинмайди.

Шу сабабли мазкур банклар сайтлари Россияда ишлаб чиқилган «Яндекс Браузер» орқали одатдагидек очилмоқда. Чунки ушбу браузерда Россия сертификатларини қўллаб-қувватлаш механизми ўрнатилган.

Июн ойида Япониянинг GlobalSign сертификатлаш маркази Россия компанияларига тегишли доменлар сертификатларини чақириб олишни бошлагани маълум бўлган эди. Ўшанда бу чоралар ғарб санкцияларига тушган ташкилотларга таъсир қилиши мумкинлиги айтилган. Июл ойи охирида Европа Иттифоқининг 21-санкциялар пакети қабул қилингач, қатор Россия банклари ҳам янги чекловлар остига тушди.

IT соҳаси вакиллари сертификатлар билан боғлиқ муаммо 15–20 минггача Россия доменларига таъсир қилиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу нафақат веб-сайтлар, балки муайян сертификатларга боғланган мобил иловалар ишида ҳам узилишларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, сертификатлар билан боғлиқ вазият фонида «Яндекс Браузер» тарғиб қилинмоқда. Бироқ IT мутахассислари ушбу браузернинг техник хавфсизлигига катта эътироз билдирмасалар-да, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлиги масаласи тез-тез муҳокама қилинаётганини қайд этмоқда.

«Яндекс»нинг махфийлик сиёсатига кўра, компания аккаунт маълумотлари, ташриф буюрилган сайтлар, геолокация, фойдаланувчининг қизиқишлари, электрон почта орқали мулоқот қилган шахслар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа қатор ахборотларни йиғиши мумкин. Шунингдек, компания амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ушбу маълумотларни учинчи томонларга тақдим этиши мумкинлигини ҳам қайд этади.