Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан наслчилик хўжаликларига ўстиришга қолдирилган идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга ҳар бир давр учун алоҳида қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 1,5 млн сўм;
иккинчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 2 млн сўм;
олинган бузоқ 12 ойликкача сақланганда – 1 млн сўм;
олинган бузоқ 12 ойдан 18 ойликкача сақланганда – 1 млн сўм.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида сервис корхонаси ташкил этилади.
Мазкур корхона қуйидаги вазифалар билан шуғулланади:
хорижий давлатларда чорвачилик тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш;
хорижий давлатлардан йирик ва майда шохли қорамолларни чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш ҳамда ушбу мақсадлар учун мамлакат ҳудудида импорт карантини пунктлари (зоналари)ни ташкил этиш;
чорва моллари етказиб берилгандан кейин камида 12 ой озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматлар кўрсатишдан иборат сервис пакетини тақдим этиш.











