Тадбиркордан газ учун асоссиз ундирилган тўлов қайтарилиши таъминланди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан «Бургутқалъа Саодати» фермер хўжалигининг мурожаати юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Ўрганишлар давомида газ сарфини ҳисоблашда газ тақсимлаш станцияси (GTS)да ўрнатилган асосий ҳисоблагич ўрнига шохобчадаги иккинчи ҳисоблагичнинг юқорироқ кўрсаткичлари асос қилиб олингани аниқланди. Натижада газ ҳажми сунъий равишда ошириб ҳисобланган ва газ узатиш ташкилоти ҳисоблагичи билан ҳисоб-китоб қилинган ҳажм ўртасида 42 минг 149 куб метр тафовут юзага келган.

«Қўмита мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида иккинчи ҳисоблагич кўрсаткичлари асос қилиб олиниши қонунчилик талабларига мос эмаслиги, ҳисоблагичлар ўртасидаги тафовутга газ таъминоти ташкилоти томонидан етарли техник ёки метрологик асослар тақдим этилмагани ҳамда бу ҳолат натижасида тадбиркордан қарийб 96 млн сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ортиқча ундирилгани аниқланди. Юқоридагиларга кўра, Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалига нисбатан иш қўзғатилди», дейилади Рақобат қўмитаси хабарида.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда фермер хўжалигидан ортиқча ҳисобланган маблағни ихтиёрий равишда қайта ҳисоб-китоб қилиб қайтариш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан ушбу қарздорлик корпоратив ҳисоб-китоб тизими орқали қайта ҳисобланиб, 96 млн сўмдан ортиқ маблағ «Бургутқалъа Саодати» фермер хўжалиги фойдасига ҳал этилиши таъминланган.