Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг июл ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,1 фоизга пасайди. Натижада йиллик истеъмол нархлари индекси 106,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоиз бандга паст бўлди.

STATISTIKA

Ҳисобот даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,91 фоизга арзонлаган. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар эса 0,5 фоизга ошган.

Инфляцияга таъсир қилган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи (12,6 фоиз), узун бошоқли гуруч (6,4 фоиз), юмалоқ бошоқли гуруч (6,1 фоиз), мош (4,2 фоиз) ва пиёз (1,7 фоиз) нархининг қимматлаши қайд этилди.

Айни пайтда бақлажон (-42,8 фоиз), булғор қалампири (-39,4 фоиз), помидор (-24 фоиз), тарвуз (-20,3 фоиз), картошка (-18 фоиз), қовун (-14,5 фоиз), шафтоли (-10,6 фоиз), бодринг (-10,6 фоиз), саримсоқ (-10 фоиз), нок (-7,1 фоиз), узум (-6,6 фоиз), олма (-6,6 фоиз), банан (-6,6 фоиз) ва тухум (-5 фоиз) нархларининг пасайиши умумий инфляциянинг секинлашишига ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат товарлари орасида АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин нархи 10 фоизга, АИ-95 бензини 8,5 фоизга, АИ-92 бензини эса 3,9 фоизга қимматлашган.

Хизматлар соҳасида маиший чиқинди учун тўлов 2,7 фоизга, мобил алоқа хизматлари 2,4 фоизга ва шаҳар автобусида йўл ҳақи 1,4 фоизга ошгани асосий омиллардан бўлган.

Миллий статистика қўмитаси ҳисоб-китоблари учун республика бўйлаб 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 миллиондан зиёд нарх кузатувлари ўтказилган. Мониторинг давомида 419 турдаги товар ва 98 турдаги хизмат нархлари таҳлил қилинган.