ARD Deutschlandtrend томонидан ўтказилган ойлик ижтимоий сўров натижаларига кўра, ҳар учинчи немис террорчилик ҳужуми қурбонига айланишидан хавотирда. Бу кайфият 25 июл куни Берлинда содир этилган терактдан кейин хавфсизлик масаласи мамлакат сиёсий кун тартибида биринчи ўринга чиққанини кўрсатади.
Сўров иштирокчиларининг 69 фоизи террорчилик хуружлари хавфини юқори деб баҳолаган. Шунингдек, 56 фоиз ўнг экстремистлар, 50 фоиз эса сўл экстремистлар томонидан ҳужумлар содир этилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Миграция сиёсати бўйича ҳам қатъий позициялар кузатилган. Немисларнинг 71 фоизи 2024 йилдан буён амал қилаётган чегара назоратини давом эттириш тарафдори. Шу билан бирга, 59 фоиз миграция муаммосини миллий эмас, балки Европа Иттифоқи даражасида биргаликда ҳал қилиш самаралироқ деб ҳисоблайди.
Сиёсий рейтингларда эса ўнгчи «Германия учун муқобил» (AfD) партияси ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Сўровга кўра, партия рейтинги 28 фоизга етган бўлса, ХДИ/ХСИ консерватив блоги 21 фоиз билан тарихий паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Қолган партиялар рейтинги деярли ўзгармаган.
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, федерал ҳукумат фаолиятидан немисларнинг 85 фоизи норози. Респондентларнинг 68 фоизи яқиндаги кадрлар алмашинувидан кейин ҳам вазият яхшиланмаслигига ишонади. Шунингдек, аҳолининг 55 фоизи Германияда туб ўзгаришлар амалга оширилишини хоҳлашини билдирган.
Сўров натижаларига кўра, айниқса AfD тарафдорлари ўзларига нисбатан адолатсиз муносабат қилинаётганини ҳис қилади. Уларнинг 70 фоизи жамиятда ўз улушидан камроқ имконият ва манфаатларга эга эканини айтган. Бутун мамлакат бўйича эса респондентларнинг 43 фоизи ўзини бошқаларга нисбатан камроқ имкониятларга эга деб ҳисоблайди.











