Reuters агентлиги маълумотига кўра, 2022 йилдан буён Россияда қамоқда сақланаётган АҚШ фуқароси, собиқ денгиз пиёда аскари Роберт Гилман диссоциатив ступор ҳолатига тушган ва ҳозирда ҳаёти хавф остида бўлиши мумкин.
Манбаларнинг билдиришича, июн ойи охирида Воронеждаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган Гилман қамоқхона шифохонасидан шаҳар касалхоналаридан бирининг психиатрия бўлимига кўчирилган.
Global Reach ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти вакили Эрик Лебсоннинг айтишича, Гилман кататонияга ўхшаш ҳолатда бўлиб, шифокорлар унга «диссоциатив ступор» ташхисини қўйган. Бу ҳолатда инсон ихтиёрий ҳаракат қилиш ва ташқи таъсирларга жавоб бериш қобилиятини деярли йўқотади.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Гилман ҳозир мулоқот қила олмайди, овқат ва суюқликлар зонд орқали бериляпти, кўзлари эса доимо ёпиқ ҳолатда. Шу сабабли у суд мажлисларида ҳам иштирок эта олмаяпти.
Foley Foundation жамғармаси вакили Элизабет Ричардс ҳам маҳкум зарур тиббий ёрдамни олмаётгани ва унинг ҳаёти ҳамда хавфсизлиги юзасидан жиддий хавотирлар мавжудлигини билдирган.
Ричардс ва Лебсоннинг таъкидлашича, Роберт Гилман қамоқда оғир шароитларда сақланган, қийноқларга ҳамда онгга таъсир қилувчи дори воситалари инъекцияларига дучор бўлган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрича, айнан шу омиллар унинг фуқаролик шифохонасига ўтказилишига сабаб бўлган.
Reuters маълумотига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио 23 июл куни Манилада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида Гилман масаласини ҳам кўтарган. Вашингтон 32 ёшли АҚШ фуқаросини шошилинч тиббий ёрдам олиши учун озод қилишга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Роберт Гилман 2022 йилда Воронежде полиция ходимига нисбатан зўравонлик қўллаганлик айби билан аввал 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейин жазо муддати 3,5 йилга қисқартирилган эди. Бироқ 2024 йилда колония ходимларига ҳужум қилганлик айби билан унинг жазоси 10 йилгача узайтирилган. Айбланувчи айрим ходимларни урганини тан олган, аммо бу ҳаракатларини турли можаролар билан изоҳлаган.











