Молдова полицияси маълумотига кўра, ҳодиса 9 август куни Штефан-Водэ туманидаги Крокмаз қишлоғи яқинида содир бўлган.
Дастлаб ушбу ҳудудда кучли портлаш овози эшитилган, шундан кейин қуруқ ўсимликлар ёниб кетган. Воқеа жойига полиция ходимлари, ўт ўчирувчилар ҳамда техник ва портловчи моддалар бўйича мутахассислар етиб келган.
Текширув давомида учувчисиз аппарат аҳоли пунктидан ташқаридаги ўрмонзор ҳудудга қулагани аниқланган.
Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, портлаш ердан тахминан 2,5 метр баландликда, аппарат дарахтга урилганидан кейин содир бўлган.
Портлаш натижасида дрон парчалари катта ҳудудга сочилиб кетган. Полиция маълумотига кўра, Крокмаз қишлоғидаги бир нечта хўжаликка ҳам зарар етган. Жабрланганлар ҳақида маълумот келтирилмаган.
Аппарат “дрон-ракета” бўлиши мумкин
Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида мутахассислар жанговар учувчисиз аппаратга тегишли бўлиши мумкин бўлган бир қатор фрагментларни аниқлаган.
Топилган парчаларнинг айрим хусусиятлари бошқариладиган ракета компонентларига ўхшаш экани қайд этилган. Шу сабабли дастлабки тахминларга кўра, қулаган аппарат “дрон-ракета” турига мансуб бўлиши мумкин.
Аппаратнинг аниқ турини белгилаш учун полициянинг техник-портлаш бўлими ходимлари жалб қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар дрон қаердан учиб келгани ва унинг Молдова ҳудудига қандай шароитда тушганини аниқлаш бўйича текширувни давом эттирмоқда.
Молдовада 28 та ракета ва дрон парчалари топилган
Молдова Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён мамлакат ҳудудида ракета ва учувчисиз аппаратларга тегишли жами 28 та фрагмент аниқланган.
Улар орасида Эронда ишлаб чиқарилган Shahed туридаги дронлар ҳамда Россиянинг “Гербера” учувчисиз аппаратлари парчалари ҳам бўлган.
Вазирлик маълумотига кўра, 12 та ҳолатда Молдова ҳудудида топилган дронлар портловчи моддалар билан жиҳозланган бўлган.











