11 октябрга ўтар кечаси Украина дронлари «Яндекс»нинг Владимирдаги дата-марказига ҳам ҳужум қилди.

Компания дата-марказ инфратузилмаси зарба оқибатида шикастлангани, унинг фаолияти буткул тўхтаганини маълум қилган. Жабрланганлар йўқ.

«Қолган ресурслар конфигурациясини беқарор деб ҳисоблаймиз. Платформанинг ишлаш режими фавқулодда ҳолатда – бошқа ҳар қандай муқобил фавқулодда тиклаш режаларини ишга туширишни тавсия этамиз. Техник қўллаб-қувватловчи алоқа каналлари беқарор ишлаши мумкин», – деб хабар берган Yandex Cloud Alerts телеграм-канали.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ушбу ҳужум оқибатида воқеа жойида кучли ёнғин чиққанини кўриш мумкин.

Бу украинлар «Яндекс» компанияси объектларига бир ҳафта ичида учинчи марта ҳужум қилиши бўлмоқда. Бунгача «Яндекс»нинг Рязан ва Калуга областларидаги дата-марказлари ҳам зарба остида қолганди. Рязан области Сасово шаҳрига ҳужум оқибатида компаниянинг учта учта суперкомпютеридан иккитаси – «Червоненкис» ва «Ляпунов» ишдан чиққанди. Учинчи суперкомпютер «Галушкин» эса айнан Владимирдаги дата-марказда жойлашганди.

Бу ҳужумлардан кейин Россиянинг турли ҳудудларида «Яндекс» хизматларининг бир қисмидан, жумладан, «Яндекс Go», «Яндекс Пэй», «Яндекс Еда», «Яндекс Про», «Кинопоиск», «Алиса» ва бошқалардан фойдаланиб бўлмаяпти.

Мамлакатнинг турли шаҳарларидаги фойдаланувчилар такси чақира олмаётгани ва етказиб беришга буюртма бера олмаётганидан шикоят қилмоқда. «Ростов-Дон шаҳрида барча таксилар тўлиқ тўхтаб қолган. Ҳатто маҳаллийлари ҳам», – деб ёзади «Осторожно, новости» телеграм-канали ўқувчилари.

МДҲнинг бошқа мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам хизматлар фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. Хусусан, 11 октябр тонгида такси буюртма қилиш, етказиб бериш ва бошқаларни бирлаштирувчи «Яндекс Go» хизмати фаолиятида бир неча соатлик узилишлар рўй берди. Такси буюртма қилишга уринишда нархлар кўринмаган ва буюртмани расмийлаштириш имкони бўлмаган.

Икки кун олдин эса Рязан областидаги дата-марказга ҳужумдан кейин Ўзбекистондаги энг йирик маркетплейс Uzum Market ишида ҳам муаммолар юзага келганди.

«Яндекс» компанияси олтита дата-марказга эгалик қилади. Очиқ маълумотларга кўра, ҳали ҳужумга учрамаган яна иккита марказ Москва областида, учинчиси – Москва шаҳрида жойлашган.