Хивадаги «Ичан қалъа» ва «Арда Хива» мажмуаларида ўтказилган «Қовун сайли» фестивали рекорд билан якунланди.

Қайд қилинишича, энг ёрқин воқеалардан бири «Энг катта қовун дегустацияси» бўйича жаҳон рекордининг ўрнатилгани бўлди.

Guinness World Records томонидан берилган расмий сертификатга кўра, рекорд 2026 йил 9 август куни Хива шаҳрида қайд этилди. Унда 259 киши бир вақтда 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўрди. Рекордни тасдиқлаш жараёнида Guinness World Records расмий ҳаками, Туркия ва Марказий Осиё бўйича вакили Шейда Субаши Гемижи иштирок этди.

Фестивалда Хоразм вилояти туманлари, етакчи фермер хўжаликлари ва бошқа иштирокчилар ўз стендларида ўнлаб қовун навларини, шунингдек, вилоят маҳсулотлари, технологиялари ва ютуқларини намойиш этди. Меҳмонлар турли хил қовунлардан татиб кўриш, ишлаб чиқарувчилар билан суҳбатлашиш ва Хоразмнинг қишлоқ хўжалиги анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Бу йилги гастрономик ва маданий тадбирга 186 минг нафар меҳмон, жумладан 150 минг маҳаллий ва 36 минг хорижий сайёҳ келгани айтилди.