The Insider нашрининг 10 август куни хабар беришича, Россияда Украинага қарши урушда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг қабрларини суратга олиш ва ушбу материалларни бошқаларга юбориш билан боғлиқ ҳолатлар давлатга хиёнат сифатида тергов қилина бошлаган.
Хусусан, 7 август куни Ярославл вилоят судига шаҳарнинг 48 ёшли фуқаросига нисбатан қўзғатилган жиноят иши келиб тушган.
Айблов версиясига кўра, у 2024 йил октябридан бошлаб қабристонга «мунтазам равишда бориб», Россия ҳарбийларининг қабрларини яширинча фото ва видеога олган. Тергов иддаосича, кейинчалик ушбу материаллар Украина махсус хизматлари вакилларига юборилган.
Томск вилоятида ҳам июнь ойи охирида бир неча киши давлатга хиёнат қилишда гумонланиб ушланган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати версиясига кўра, улар Украина махсус хизматларининг топшириғи билан пул эвазига Россия ҳарбийлари, жумладан ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақида маълумот тўплаган.
Свердловск вилоятида эса ҳарбийлар қабрларини суратга олган шахслар ушлангани ва қабристонларда назорат кучайтирилгани хабар қилинмоқда.
«Медиазона» номи билан таклифлар тарқатилган
Аввалроқ «Медиазона» нашри номаълум шахслар таҳририят номидан одамларга ҳарбийларнинг қабрларини суратга олиш эвазига пул таклиф қилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.
Нашр бу таклифларга алоқаси йўқлигини билдирган. «Медиазона» маълумотига кўра, бундай ҳаракатлар ортида украиналик фирибгарлар турган бўлиши мумкин.
Нашр муҳаррири Дмитрий Трешчаниннинг айтишича, номаълум шахслар бир неча бор таҳририятнинг ўзига ҳам Россиянинг ҳалок бўлган ҳарбийлари ҳақида ҳали эълон қилинмаган маълумотлар базасини сотиб олиш таклифи билан чиққан.
Трещанин «Медиазона» Россия армиясининг йўқотишларини ҳисоблаб бораётганини ва аввал ўқувчилар ҳамда кўнгиллилардан қабристонлардаги суратларни юборишни сўраганини тасдиқлаган. Бироқ вазият ўзгаргани сабабли нашр ҳозир одамларга бундай суратларни олишни тавсия қилмаётганини билдирган.
The Insider шу ўринда бундай ҳолатларда «буюртмачи» сифатида Россия куч тузилмалари ходимлари ҳам ҳаракат қилиши мумкинлиги эҳтимолини тилга олган.
«Медиазона» аввалроқ Рязань вилоятида яшовчи Гордей Никитин билан боғлиқ иш ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотига кўра, ФХХ тезкор ходими унга Украина ҳарбий разведкаси вакили сифатида ёзган. Кейинчалик ушбу ёзишмалар давлатга хиёнат бўйича жиноят ишига асос бўлган ва Никитин 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Журналистлар Россия ҳарбийлари йўқотишларини ҳисобламоқда
«Медиазона» ва BBC рус хизмати кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда очиқ манбалар асосида Украинадаги урушда ҳалок бўлган Россия ҳарбийларининг исмларини аниқлаб бормоқда.
Уларнинг маълумотига кўра, 2026 йил июл ойи охири ҳолатига камида 236 066 нафар ҳалок бўлган россиялик ҳарбийнинг шахси тасдиқланган.
Улар орасида энг катта гуруҳни «кўнгиллилар» ташкил этган — 86 618 киши. Шунингдек, 26 247 нафар собиқ маҳкум ва 19 644 нафар сафарбар қилинган ҳарбийнинг ўлими тасдиқланган.
Журналистлар 7 460 дан ортиқ Россия армияси ва бошқа куч тузилмалари офицерлари ҳалок бўлганини ҳам аниқлаганини билдирмоқда.
Улар орасида 15 нафар генерал борлиги қайд этилган: беш нафар генерал-лейтенант, етти нафар генерал-майор, икки нафар истеъфодаги генерал ва Россияга қочиб ўтган Украина Хавфсизлик хизмати генерали.











