Воронеж вилояти Новоусманский туманидаги Александровка қишлоғида жойлашган Wildberries логистика марказида 11 август, сешанбага ўтар кечаси ёнғин келиб чиқди.
OSINT-таҳлилчилар ва ASTRA Telegram-канали маълумотига кўра, объект ҳужумга учраган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳоли ҳам ҳудудда портлаш овозлари эшитилганини билдирган. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳақида расмий маълумот келтирилмаган.
Мазкур логистика мажмуаси тўлиқ қувват билан 2025 йил ноябридагина ишга туширилган эди.
Воронеж вилояти Инвестицияларни жалб қилиш агентлиги маълумотларига кўра, марказнинг умумий майдони 152,9 минг квадрат метрни ташкил этади. Унинг омборларида 90 миллиондан ортиқ товар позициясини сақлаш имконияти мавжуд бўлган.
ASTRA маълумотига кўра, Wildberries ва Russ бирлашган компанияси — РВБ мазкур объект қурилишига қарийб 11 миллиард рубл сармоя киритган.
Wildberries&Russ матбуот хизмати Воронеж вилоятидаги компания логистика объектлари хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Воронеж шаҳрида учувчисиз учиш аппаратлари зарбаси хавфи туфайли огоҳлантириш эълон қилинган. Бу ҳақда Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев хабар берган.
Манбада қайд этилишича, Wildberries логистика марказлари 18 июлдан буён бир неча бор Украина дронлари ҳужумларига учраган.
Reuters агентлиги сунъий йўлдош тасвирлари асосида ўтказган таҳлилга кўра, компания омбор қувватларининг тахминан 20 фоизини йўқотган бўлиши мумкин. Ёнғинлар компания ва унинг ҳамкорларига тўғридан тўғри зарар етказиш билан бирга, савдо ҳажмига ҳам салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, Санкт-Петербург, Тула, Электростал, Краснодар ва Невинномискдаги 20 дан ортиқ логистика маркази зарбаларга учраган. Уларнинг камида 14 таси ёнғиндан зарар кўрган.
The Bell манбалари баҳосига кўра, Wildberriesʼнинг бевосита зарари 100–200 миллиард рублдан ошиши мумкин. Шунингдек, товарларидан айрилган сотувчиларнинг бир қисми платформани тарк этиши ортидан компания айланмаси қарийб чоракка қисқаргани айтилмоқда.












