Пенсияга чиққан инсон аввалги иш ҳақининг қанча қисмини пенсия сифатида олиши мумкин? Мамлакатга қараб бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори даражадан 20 фоиздан ҳам паст кўрсаткичгача фарқ қилади.

Visual Capitalist инфографикасида мамлакатлар пенсиянинг прогноз қилинаётган ялпи ўрнини босиш коэффициенти бўйича таққосланган. Ҳисоб-китоблар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти — OECD маълумотларига асосланган.

Ўрнини босиш коэффициенти пенсия тўловлари миқдорини инсон пенсияга чиқишидан олдин олган иш ҳақи билан таққослайди. Бунда ҳам иш ҳақи, ҳам пенсия солиқлар ва мажбурий бадаллар ушлаб қолинишидан олдинги миқдорда ҳисобга олинади.

Шу сабабли бу кўрсаткични оддий қилиб, инсон пенсияга чиққанидан кейин унинг аввалги меҳнат даромадининг қанча қисми пенсия тўловлари билан «алмаштирилиши» деб тушуниш мумкин.

Ҳисоб-китоблар 2024 йилда 22 ёшида меҳнат фаолиятини бошлаган ўртача статистик ходим учун тузилган. Унда мажбурий давлат ва хусусий пенсия дастурлари ҳисобга олинган, аммо фуқароларнинг ихтиёрий равишда шакллантирадиган хусусий пенсия жамғармалари инобатга олинмаган.

Рейтингнинг юқори қисмида Жанубий Европа давлатлари устунлик қилади. Испания, Греция, Португалия ва Италия биринчи ўнликдан жой олган.

Айниқса, Испания ва Греция юқори кўрсаткичлари билан ажралиб туради.

Испанияда прогноз қилинаётган пенсиянинг ўрнини босиш коэффициенти 80,4 фоизни ташкил этади. Яъни ҳисоб-китоб модели бўйича пенсия тўловлари пенсияга чиқишдан олдинги иш ҳақининг тахминан бешдан тўрт қисмига тенг бўлади.

Грецияда бу кўрсаткич 79,6 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, рейтинг мамлакатнинг умумий бойлик даражаси пенсиянинг иш ҳақига нисбати қанчалик юқори бўлишини ҳар доим ҳам белгилаб бермаслигини кўрсатади.

Масалан, Мексика ва Туркияда прогноз қилинаётган ўрнини босиш коэффициенти қарийб 70 фоизга етади. Германияда эса у 42,1 фоизни ташкил қилади.

АҚШда ҳам кўрсаткич нисбатан паст — 39,7 фоиз.

Бу фарқлар турли мамлакатларда пенсия тизимларининг тузилиши ва ишлаш механизмлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатади.

Рейтингнинг қуйи қисмида Литва жойлашган. Бу мамлакатда прогноз қилинаётган пенсиянинг ўрнини босиш коэффициенти атиги 17,4 фоизни ташкил этади.