Дунёдаги энг кекса амалдаги давлат раҳбари бўлган Камерун президенти Пол Бия икки ойдан бери мамлакат ташқарисида бўлиб турибди, бу эса унинг соғлиғи билан боғлиқ саволларни келтириб чиқарди. Бу ҳақда ABC News хабар бермоқда.
1982 йилдан бери Камерунни бошқариб келаётган 93 ёшли Бия 7 июнь куни мамлакатни тарк этди. Ўшанда унинг идораси президент Европага «қисқа шахсий ташриф» билан кетганини маълум қилганди. Бироқ сафар чўзилиб кетди ва давлат раҳбарининг хориждаги энг узоқ давом этган сафарларидан бирига айланди.
Нашрнинг хабар беришича, Биянинг соғлиғи кўп йиллардан бери тахминлар мавзуси бўлиб келмоқда. Президент мунтазам равишда Европада, хусусан, Франция ва Швейцарияда узоқ вақт ўтказади, Камерунда эса бошқарув вазифаларининг бир қисмини аслида унинг партияси вакиллари ва оила аъзолари бажаради.
Камерун конституцияси президентга мамлакатни узоқ муддатга тарк этишни тақиқламайди. Шу билан бирга, мамлакатда вице-президент лавозими мавжуд эмас. Шу сабабли мухолифат вазиятни мамлакатни «автопилот»да бошқариш деб баҳоламоқда.
Ноябрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида иккинчи ўринни эгаллаган ва илгари Биянинг иттифоқчиси бўлган мухолифат етакчиси Исса Тчирома Бакари аҳоли орасида президентнинг соғлиғи «яхши эмас» деган фикр тарқалганини айтди. У, шунингдек, давлат раҳбарининг Швейцарияда узоқ вақт қолишини танқид қилди.
Хабар муаллифлари Биянинг деярли ярим асрлик ҳукмронлиги ноаниқ мерос қолдирганини эслатади. Мамлакат шимолида «Boko Haram» гуруҳи фаолият юритмоқда, ғарбий ҳудудларда сепаратистик можаро давом этмоқда, иқтисодий турғунлик эса ёшларнинг катта қисмининг ҳафсаласини пир қилмоқда.
Бия 1960 йилдан 1982 йилгача мамлакатни бошқарган Камеруннинг биринчи президенти Аҳмад Ахижо истеъфога чиққанидан кейин ҳокимиятга келди. 2008 йилда конституцияга киритилган тузатиш президентлик муддатлари чекловини бекор қилди, бу эса Бияга ўнлаб йиллар давомида ҳокимиятда қолиш имконини берди.
Ҳозир у Камерунни мамлакат фуқароларининг аксарияти яшаганидан кўра узоқроқ бошқармоқда: Камеруннинг 30 миллионга яқин аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи 35 ёшдан кичик. Агар Бия ҳозирги муддати тугагунга қадар лавозимида қолса, деярли 100 ёшида президентлик курсисини тарк этади.











