Ўзбекистон Туризм қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 21–22 август кунлари Паркент туманида “Узум сайли” фестивалини ташкил этади.
Фестиваль Заркент қишлоғида ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган фермер хўжаликлари, этнотуризм йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналар қатнашади.
Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ва саноатнинг халқаро брендлари иштирокида кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, узумчилик соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро конференция ва форумлар ўтказилади. Уларда соҳа мутахассислари, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар тажриба алмашиши кутилмоқда.
Фестивалнинг маданий дастури ҳам турли тадбирларга бой бўлади. Хусусан, миллий фолклор жамоалари ва эстрада хонандаларининг чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этувчи маданий дастурлар ташкил этилади.
“Узум сайли” орқали ҳудуднинг узумчилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, маҳаллий маҳсулотларни намойиш этиш ҳамда Паркентнинг туризм, жумладан, этнотуризм салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.







