Маълум бўлишича, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва 1970 йилда туғилган фуқаро давлат захирасидаги 10 сотих ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Шунингдек, улар Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали муҳандиси орқали 2-3 минг доллар эвазига ер ҳужжатларини расмийлаштириб беришни мақсад қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла раиси, кадастр муҳандиси ва мазкур фуқаро 17 минг АҚШ доллари ҳамда 37 миллион сўм олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Шахс сир сақланиши кафолатланиши таъкидланди.









