Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган фестивал мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек, Хоразм вилоятига хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кўпроқ жалб этишга қаратилган.
Фестивал доирасида Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманлари ўз ҳудудларида етиштирилган турли навдаги қовунларнинг кўргазма-савдосини ташкил этади. Бунинг учун ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи павильонлар байрамона безатилади.
Шунингдек, меҳмонлар учун театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши ўтказилади. Миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилади.
Фестивал дастуридан бадиий жамоалар ва фольклор гуруҳларининг жонли чиқишлари, маҳорат дарслари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ҳам ўрин олган.
«Қовун сайли»да фаол иштирок этганлар турли номинациялар бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Фестивалнинг асосий тадбирларидан бири россиялик хонанда МакSим концерти бўлади. У 8 август куни «Арда Хива» туризм мажмуасида концерт дастури билан чиқиш қилади. Тадбирга кириш бепул.











