Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Путиннинг таҳдиди

Россия президенти Владимир Путин Европа ҳаракатларига жавобан уларнинг кемаларини ҳам эгаллаб олиш билан таҳдид қилди. Россия раҳбарининг бу баёноти чоршанба куни Тинч океани флоти машғулотларининг якуний босқичига ташриф чоғида янгради.

«Европа Иттифоқининг яқинда қабул қилган қарорларига эътибор қаратмоқчиман. Кўриб турибмизки, баъзи мамлакатлар ҳукуматлари Халқаро денгиз ҳуқуқини бузган ҳолда иқтисодий операторларимиз кемаларининг тинч йўл билан ҳаракатланишини чеклашга уринмоқда. Яқинда эса кемаларимизни эгаллаб олиш ва биздан талон-торож қилинган мулкни сотиш имкониятини ўйлаб топишди», деди Путин.

«Албатта, бу қароқчилик ва талончиликдан бошқа нарса эмас. Агар бу амалиётда амалга оширилса, биз худди шундай жавоб қайтаришга мажбур бўламиз», дея таъкидлади у. Россия президенти сўзларига кўра, бу Москва «зарур ва мақсадга мувофиқ» деб билган исталган жойда, шу жумладан, «Тинч океани флоти ҳудуди»да ҳам содир бўлади.

Июн ойида Ўрта Ер денгизидаги Европа мамлакатлари ҳарбийларига — Россия «соя флоти»нинг бир қисми деб ҳисобланган кемаларни текшириш ҳуқуқи берилганди. Мақсад – Россиянинг Украинадаги урушни «молиялаштириш» имкониятларини чеклаш.

Бундан ташқари, Евроиттифоққа аъзо давлатлар «соя флоти» кемаси ушланганидан кейин ундаги юкни мусодара қилиш имкониятига эга бўлишди. Бундай юк сотилишидан тушган маблағлар эса ҳибсга олишни амалга оширган давлатга ўтказилиши мумкин.

Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида Россиянинг «соя флоти»га кирувчи қарийб 700 кемага нисбатан чекловлар бор.

Исроил ҳарбийлари ва кўчманчилар тўқнашди

Исроил қўшинлари Ғарбий соҳилдаги постда яҳудий кўчманчилар билан тўқнаш келди.

Чоршанба куни эрталаб ҳарбийлар кўчманчиларни тарқатиб юбориш учун уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Аммо ҳарбийлар кўчманчиларни ҳудуддан ҳайдаб чиқара олмагач, у ердан чекинган.

Қамалдаги учта уйдан бирида яшовчи фаластинлик аёлнинг айтишича, кўчманчилар ушбу постни тўрт кун олдин ўрнатишган. Ўшандан бери фаластинликлар қамалда қолмоқда.