Украина воситачилар орқали Россияга Қора денгиздаги фуқаролик объектларига ўзаро зарба беришни тўхтатиш таклифини йўллади, деб хабар берди бу ҳақда маълумотга эга манба Reuters агентлигига.

Бу воқеа Британиянинг асосий халқаро ихтисослашган денгизчилик нашри «Lloyd’s List» Қора денгизни «кемачилик учун энг хатарли ҳудуд» деб атаганидан сўнг юз берди.

Reuters манбасининг сўзларига кўра, Киев ҳозирча ўз таклифига жавоб олмаган.

Сўнгги ойларда Украина Қрим таъминотини узиб қўйиш ва соя флот танкерлари орқали нефт экспортига путур етказиш мақсадида Азов ва Қора денгизларда дронлар ёрдамида Россия кемаларини таъқиб қилишни бошлади. Сўнгги кунларда зарбалар Новороссийскдаги дон терминалларига ҳам етиб борди, контейнер ташувчи кемалар, шунингдек, Каспий қувур йўли консорциуми терминали ва Қозоғистон нефтини олиб чиқувчи кемалар ҳам ўққа тутилди. Россия эса нафақат Одесса вилоятидаги портларга, балки уларга кираётган фуқаролик кемаларига, жумладан, хорижий кемаларга ҳам зарба бера бошлади. Зарбалар баллистик ракеталар билан берилмоқда, Американинг «Patriot» тутиб олувчи тизимлари етишмаслиги сабабли Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларида уларга қарши ҳимоя мавжуд эмас.

«Июль ойида Одесса портларига кунига 15 га яқин кема кирган бўлса, ой охирига келиб уларнинг сони бир-иккитагача камайди», — деди Украинанинг энг йирик хусусий порт оператори «Трансинвестсервис» ҳаммуассиси ва бош директори Андрей Ставнитсер «Financial Times» нашрига. «Kpler» маълумотларига кўра, август ойида кемачилик бутунлай тўхтаган.

Июнь ва июль ойларида Украина расмийларининг маълумотларига кўра, Россия армияси камида 50 та юк кемасига ҳужум қилган ва бунинг оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, деб ёзади The New York Times. Улар орасида 19 июль куни Черноморск портидан бир партия дон олиб йўлга чиққан «Golden Leo» қуруқ юк кемаси ҳам бор эди.

«Golden Leo» портдан 6,4 км масофага узоқлашганда, Россия ракетаси унинг корпусига келиб урилди. Оқибатда кема экипажининг 10 нафар аъзоси ва украиналик лоцман ҳалок бўлди, кема эса чўкиб кетди.

Ўз навбатида, Украина дронлари Россиянинг соя флотидаги танкерларидан ташқари, Туркия кемаларига ҳам ҳужум қилди ва Новороссийск яқинида Ҳиндистондан келаётган «Fesco» компаниясига тегишли «Янина» контейнер ташувчисини чўктириб юборди. Натижада Россиянинг энг йирик контейнер ташувчи компанияларидан бири Қора денгиз орқали қатновлардан воз кечди.

Июль ойида, сўнгги воқеалардан аввал, Россия донини экспорт қилишнинг асосий йўналиши бўлган Қора ва Азов денгизлари терминаллари орқали экспорт 22,8 фоизга қисқариб, 1,8 млн тоннани ташкил этди. Украина дон экспорти август ойининг икки ҳафтасидан камроқ вақтида 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 75 фоизга тушиб кетган. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Қора денгиз портлари ишининг тўлиқ тўхташи Украинага ялпи ички маҳсулотнинг 1–1,5 фоизига тушиши мумкин.